Газ тармоқларининг ҳозирги ҳолати қандай?

«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг шаҳар ва туманлардаги газ таъминоти бўлимлари томонидан жами 387 минг 693 хонадон табиий ва суюлтирилган газ билан таъминланган бўлиб, шундан 289 минг 527 хонадон (74,6%) табиий, 98 минг 166 хонадон (25,4%) суюлтирилган газ билан таъминланган. Бундан ташқари, республикамиз бўйича жами 6380 улгуржи истеъмолчилар бор. Уларнинг 133 тасини саноат корхоналари, 138 тасини автомобиль газ тўлдириш компрессор станциялари, 826 тасини ижтимоий соҳа объектлари ва 5283 тасини хусусий тадбиркорлар ташкил этади.
– Республикамиз бўйича бугунги кунда жами 9847,7 километрлик ҳаракатдаги газ тармоқлари мавжуд, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали эксплуатация бўлими бошлиғи Артиқбой Жиемуратов. – Шундан, 605,6 километр қисми юқори, 3739,1 километр қисми ўрта, 5503,0 километр қисми паст босимли газ тармоқларидир.
Газ тармоқларининг 885,4 километр қисми ер остида ва 8962,3 километр қисми ер устида жойлашган. Шундан, фойдаланиш учун топширилган тармоқлардан муддатлари бўйича 10 йилгача бўлганлари 387,8, 10-20 йилгача бўлганлари 1452,1, 20-30 йил ва ундан кўп фойдаланишда бўлган газ тармоқлари 8007,8 километрни ташкил этади. Шу билан бирга, ҳаракатда жами 3568 ГРП (газ регулятор пункт) бор. Шундан, 268 таси юқори, 3300 таси ўрта босимли. 138 ГРП да газ тармоқлари емирилишининг олдини олиш учун электрокимёвий ҳимоя ускуналари қўлланилмоқда.
Табиий газ истеъмолчиларига республикамиздаги 53 та газ тақсимлаш станциялари орқали табиий газ етказиб берилади.
Жумладан, филиалга қарашли объектларнинг 2025-2026 йил куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлашда режалар ишлаб чиқилди ва бугунги кунда газ тармоқларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари 101 фоизга (68,5 км) бажарилди.
Шунингдек, юқори босимли газ тақсимлаш қурилмаларини тўлиқ таъмирлаш режаси ҳам 100 фоиз бажарилди.
Режа бўйича 3568 та газ тақсимлаш қурилмаларида техник кўриклар ўтказилди. Газ тармоқлари зичлигини ҳаво босими ёрдамида синаш ва тозалаш режаси 102 фоизга бажарилди. Ер ости газ тармоқларининг ҳолатини махсус асбоблар ёрдамида текшириш режаси 885,3 километр этиб белгиланиб, амалда 904,1 километрлик қисми текширилиб, 102 фоизга бажарилди.
Бундан ташқари, газ таъминотини модернизация қилиш бўйича 20481 та хонадонда регуляторлар ўрнатилиб, 2 босқичли тизимга ўтказилди.

Бу борадаги ишлар самарали давом этмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги