Ўзбекистон ва Хитой: хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамланади

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги делегацияси Хитойга амалий ташриф доирасида жамоат хавфсизлигини таъминлаш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, замонавий технологияларни амалиётига татбиқ этиш ҳамда кадрлар тайёрлаш соҳасида Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш мақсадида қатор учрашув ва амалий тадбирларда иштирок этди.
Икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган самарали мулоқот ва тажриба алмашинуви амалга оширилди.
Ички ишлар вазири Азиз Тошпўлатов Хитой Халқ Республикаси жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун жаноблари билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ички ишлар вазирлиги ва Жамоат хавфсизлиги вазирлиги ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, трансмиллий ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда кадрлар тайёрлаш каби икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига оид масалалар муҳокама қилинди.

Ташриф дастурига биноан мамлакатимиз делегацияси Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг Биринчи тадқиқот институтида бўлиб, у ерда хавфсизлик соҳасида татбиқ этилаётган илмий-амалий ишланмалар, рақамли технологиялар ва ахборот базаларини бошқариш тизимлари билан батафсил танишди.
Институт мутахассислари томонидан Ўзбекистон делегациясига қўлланилаётган инновацион дастурий таъминот, интеллектуал видеоанализ, қидирув ва тезкор-қидирув фаолиятига оид ишланмалар каби йўналишлардаги ютуқлар ҳақида тақдимот ўтказилди.
ХХР ЖХВ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармасига ташриф ҳам муҳим нуқталардан бири бўлди. Бошқарма раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда глобал даражада ўсиб бораётган киберҳужумлар, электрон фирибгарлик, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва рақамли иқтисодиётни муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Хитой томони ўзларининг кибер таҳдидларни эрта аниқлаш платформалари, электрон тўловлар соҳасидаги фирибгарликка қарши технологиялар, интернет мониторинги ҳамда таҳдидлар хатарини баҳолаш тизими каби илғор ечимларини намойиш этди. Ўзбекистон делегацияси вакиллари мазкур амалиётларни мамлакатимиз киберхавфсизлик тизимини такомиллаштиришда қўллаш имкониятларини муҳокама қилди.
Тадбир давомида делегация Пекин шаҳар Жамоат хавфсизлиги бюросининг Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва тергов ишлари марказида бўлиб, у ерда жиноят ҳодисаларини рақамли моделлаштириш, криминалистик экспертизаларнинг янги турлари, ҳужжатлар ва аудио-видео далилларни автоматлаштирилган тарзда таҳлил қилиш каби замонавий технологиялар билан яқиндан танишди.

Бундан ташқари, ХХР Жамоат хавфсизлиги университетига ташриф амалга оширилиб, кадрлар тайёрлашнинг замонавий моделлари, ўқув курслари, амалий машғулотларни ташкил этиш тажрибаси ўрганилди.
Гуандун провинцияси Жамоат хавфсизлиги департаментида делегацияга ҳудудий хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибига бўлган таҳдидларни мониторинг қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш ва тезкор марказларни бошқариш тизимлари ҳақида ахборот берилди.
Шэньчжэнь шаҳрида эса делегация замонавий техник йўналишларнинг қатор муҳим объектларини кўздан кечирди.
Делегация 15-Бутун Хитой спорт ўйинларининг ёпилиш маросимида иштирок этиб, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлашнинг йирик масштабли модели билан танишди.
Ташрифнинг якуний қисмида “Huawei” компаниясининг “Songshan Lake” илмий-технологик кампусида интеллектуал назорат ва мониторинг платформалари, ахборот хавфсизлиги ечимлари, полиция тизими учун рақамли бошқарув платформалари, жамоат хавфсизлиги соҳасидаги сунъий интеллект технологияларининг имкониятлари намойиш этилди.
Мазкур ташриф икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасидаги муносабатларни янги босқичга олиб чиқиш, амалий тажриба ва илғор технологияларни мамлакатимизда жорий этишда муҳим амалий аҳамиятга эга бўлди.
Н.Абдураимова, ЎзА