Театр саҳнасида янги спектакльнинг премьераси

Америкалик ёзувчи Жорж Самуэль Клейсон қаламига мансуб «Вавилоннинг энг бой одами» китоби дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган асарлардан бири бўлиб, у бундан қарийб юз йил олдин, яъни 1926 йилда АҚШда нашр этилган. Мана шундан буён ушбу китоб дунёнинг кўплаб мамлакатларида чоп этилиб, китобхонлар томонидан севиб ўқилмоқда.
Айрим мамлакатларда эса, бу асар режиссёрлар томонидан саҳналаштирилиб, спектакль сифатида томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театри жамоаси ҳам томошабинларнинг таклиф ва фикрларини инобатга олиб, Жорж Самуэль Клейсон асари асосида «Вавилоннинг энг бой одами» драмасини саҳналаштиришга муваффақ бўлди.
Яқинда режиссёр ва инсценировка муаллифи – М.Реймов томонидан саҳналаштирилган ушбу драманинг премьераси бўлиб ўтди.
Унда театр директори П.Мамутов томошабинларни янги спектакльнинг саҳналаштирилиши билан табриклаб, ижодий жамоага ўз миннатдорчилигини билдирди.
Спектакльда пул, бойлик ва инсоннинг уларга бўлган муносабати образли тарзда акс эттирилган. Қаҳрамонлар орқали меҳнат, пулни тежаш, ақл билан сарфлаш ва бойликнинг ҳақиқий баҳоси ҳақида фикр юритилади. Пулнинг инсон ҳаётидаги ўрни, шу билан бирга унинг характер ва муносабатларга таъсири саҳнавий ечимлар орқали кўрсатилган.

Премьера юқори савияда ўтди ва томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди.
Спектакль мазмуни содда, тушунарли бўлиб, томошабинлар қалбидан жой олди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси