Қорақалпоқ фалсафий мактабига асос солган устоз

82

Илм машаққатларга тўла.  Лекин, у муваффақиятлар билан якунланса меваси тотли ва фахрли йўл. Бу йўлдан унинг меҳнатига чидаган одамгина қоқилмай мардона ўтиб, манзилига ета олади. Албатта, биз бу йўлда меҳнати билан майдонга чиқаётган кўплаб олим устозларни биламиз. Шулардан бири Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг профессор ўқитувчиси, фалсафа фанлари доктори Алима Бердимуратова.

1965 йили йил. Нукус. Физика фанлари бўйича таниқли олим Қарлибой Бердимуратов ва унинг рафиқаси Зарухон Сметова хонадонида етти фарзанднинг бешинчиси бўлиб дунёга келган Алима оиладаги таълим-тарбия натижасида билим олишга чанқоқ, чаққон қиз бўлиб улғайди.

Тарбия масаласида қаттиққўл ота ва пойтахтимиздаги 4-сонли мактабда математика фани ўқитувчиси бўлиш билан бирга кутубхоначилик ишини ҳам қўшиб ишлаган онаси фарзандларининг китобга бўлган муҳаббатини ошириб, уларни билим олишга иштиёқманд қилиб ўстирди. Натижада оиладаги фарзандларнинг барчаси ҳам олий ўқув юртларида таҳсил олиб, жамиятда ўз ўринларини топди. Улар орасида Алима мактабда дарсларидан 5 баҳода ўқийдиган фаол қиз бўлиб, фан олимпиадаларига тарих фани бўйича қатнашиб, юқори натижаларга эришиб борди. 10-синфида Ўзбекистон миқёсида ўтказилган тарих фани бўйича фан олимпиадасида биринчи ўринни эгаллаб, олий ўқув юртларига имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиш имкониятига эга бўлди.

Бироқ, қайсар қиз Москвада ўқийман деган ният билан (оилада тўрт фарзанд Москвада таълим олган) Москва давлат университетининг фалсафа факультетига имтиҳон топшириб ўқишга киради.

Ўқув даргоҳида ўша вақтда иттифоққа машҳур файласуф профессор-ўқитувчилардан таълим олади ва 1987 йил муваффақиятли битириб чиқади. Устози Кудряшова Маргарита Стефановнанинг илмий раҳбарлиги остида у 1993 йил 17 февралда Москва давлат университети фалсафа факультетидаги кенгашда илмий ишини муваффақиятли ёқлаб, 27 ёшида фалсафа фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлади.

Олима опа илмий-педагогик меҳнат йўлида 1993-1994 йилларда Қорақалпоқ давлат университетининг Фалсафа кафедраси ассистенти, 1994-1995 йилларда Фалсафа кафедраси катта ўқитувчиси, 1995-1996 йилларда – Қорақалпоқ давлат университети «Фалсафа» кафедраси доценти, 1996-2000 йилларда Ўзбекистон Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти докторанти бўлган бўлса, 2000-2000 йилларда Қорақалпоқ давлат университети «Фалсафа ва социология» кафедраси доценти, 2000-2005 йилларда Қорақалпоқ давлат университети «Фалсафа ва социология» кафедраси мудири ва 2005 йилдан ҳозирги кунгача Қорақалпоқ давлат университетининг «Ижтимоий фанлар» кафедраси мудири лавозимини сидқидилдан бажариб келмоқда.

А. Бердимуратова ҳозирги кунда университет талабаларига «Фалсафа,» «Илмий тадқиқот методологияси,» «Фалсафага кириш» ва «Экологик хавфсизлик фалсафаси» фанларидан дарс беради. Шу билан бирга, Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказида Қорақалпоғистон Республикаси олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, академик лицей, касб-ҳунар коллежи ўқитувчиларига ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда.

Профессор А.Бердимуратова «Жамият тараққиётида олима аёлларнинг тутган ўрни» мавзусида 2005 йилдан буён мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган илмий-амалий конференцияларнинг ташкилотчиларидан бири сифатида ёш олимларга илмий мавзуларни танлаш ва илмий фаолият бўйича маслаҳатчиси вазифасини бажариб келмоқда.

Унинг кафедра ва университетнинг хорижий ва мамлакатимиздаги илмий марказлар билан ҳамкорликдаги ишларни ташкил этишдаги меҳнатлари муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, Будапештдаги Марказий Европа университети, Санкт-Петербургдаги Европа университети, Тошкент, Самарқанд ва Қорақалпоқ давлат университетлари магистрантлари учун ишлаб чиқилган «Илмий тадқиқот ишлари амалиёти» мавзусидаги халқаро инновацион-таълим грантида масъул ижрочи ва ушбу махсус курсни ҚҚДУ магистратурасида амалиётга жорий этишда масъул раҳбар сифатида иштирок этган.

Шунингдек, у Қорақалпоқ давлат университетининг 2022 йил 18 февраль кунги 16 Д/2 сонли буйруғи асосида, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилган «DECIDE – имконияти чекланганларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш» лойиҳасида ишчи гуруҳ аъзоси сифатида фаол иштирок этиб, ўзининг бой тажрибаси, илмий салоҳияти ва ташаббускорлиги билан лойиҳа мақсад ва вазифаларининг самарали амалга оширилишига катта ҳисса қўшган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан Қорақалпоқ давлат университети қошида ташкил этилган «Қорақалпоғистон Республикаси Ҳудудий тадқиқот маркази»нинг директори сифатида ҳам фаолият олиб бормоқда.

Олимнинг 6 та монография, 3 та дарслик, 1 та дарслик таржимаси, 15 та ўқув қўлланма, 10 та ўқув-услубий қўлланма ҳамда 200 дан ортиқ мақолалари чоп этилган. Профессор томонидан яратилган «Фалсафа,» «Этика,» «Нафосатшунослик,» «Мантиқ,» «Илм методологияси,» «Фалсафа ва ҳозирги замон долзарб муаммолари,» «Экологик хавфсизлик фалсафаси,» «Ахборот ва психологик хавфсизлик фалсафаси» ҳамда «Ахборот хавфсизлиги фалсафаси» фанларидан дарслик ва ўқув қўлланмалар қорақалпоқ тилида биринчи бўлиб нашр этилган.

Унинг ташаббуси билан Қорақалпоғистон тарихида биринчи марта Қорақалпоқ давлат университетида қорақалпоқ тилида бакалавр босқичида фалсафа мутахассислиги очилди. Биринчи бўлиб Қорақалпоқ фалсафий мактабига асос солди. 2018-2019 ўқув йилида Қорақалпоқ давлат университетида 5А5120501 «Фалсафа» (таълим соҳалари бўйича) магистратура босқичи ва онтология, гносеология ва мантиқ мутахассислиги бўйича таянч докторантура очилган. Шунингдек, 2019-2022 ўқув йилида «Социология» бакалавриат таълим йўналишининг очилишида ўзининг фидойилигини кўрсатган. Социология ва ушбу соҳада илмий даражага эга бўлган кадрларни тайёрлашда катта ҳисса қўшиб келмоқда.

Унинг шогирдларидан 1 DSS докторлик иши, 6 PhD иши ҳимоя қилинган бўлса, 10 шогирди илмий ишларини ҳимоя қилиш арафасида турибди. Сўнгги 5 йил ичида 30 та докторлик ҳамда PhD диссертация ишларига расмий оппонент сифатида қатнашган. Шунингдек, тайёрлаган 4 нафар талабаси Навоий, 3 нафар талабаси Президент ва 5 нафар талабаси Бердақ номидаги давлат стипендияси эгалари бўлган.

Ўзбекистон-Финляндия педагогика институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/13.06.2025.F.178.02 рақамли Илмий кенгаш ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.F.01.05 рақамли Илмий кенгаш аъзоси ва Нукус давлат педагогика институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.Ped.34.01 рақамли Илмий кенгаш семинар раиси.

Профессор А.Бердимуратова Қорақалпоқ давлат университетида илмий ходим изланувчи, таянч докторантлар ва мустақил изланувчи талабалар учун «Zamonaviy falsafaning ontologik muammolari,» «Фан фалсафаси. Техника фалсафаси» ва «Фалсафа тарихи» фанлари бўйича қўшимча мутахассислик имтиҳонлари қабул комиссиясининг раиси.

Профессор А.Бердимуратова халқаро ва республика доирасида амалга оширилаётган 30 дан ортиқ илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида илмий изланишлар олиб бормоқда. Хусусан, «Глобал хавфсизлик тизимида Ўзбекистон Республикаси экологик хавфсизлиги шаклланишининг фалсафий-методологик жиҳатлари» фундаментал тадқиқот лойиҳаси ҳамда «Жамиятнинг инновацион ривожланиш босқичида ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш» давлат лойиҳаси раҳбари сифатида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган.

Шунингдек, у 20 дан ортиқ республика ва халқаро илмий-услубий журналлар, хусусан, Қорақалпоқ давлат университетининг «Ахборотнома,» Нукус давлат педагогика институтининг «Илм ва жамият» журнали, «Тамаддун нури» журнали, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалининг «Санъат ва маданият мухбири» каби таҳририят ҳайъатлари аъзоси ҳисобланади.

Шунингдек, профессор А.Бердимуратованинг раҳбарлиги ва иштирокида республика ва халқаро миқёсдаги 10 дан ортиқ илмий-назарий анжуманлар ўтказилган.

Устознинг илм-фан ва ёшларга таълим-тарбия беришдаги меҳнатлари ҳукуматимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 2003 йилда «Қорақалпоғистон Республикасига хизмат кўрсатган фан арбоби» фахрий унвони билан тақдирланди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2022 йилда «Дўстлик» ордени, 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг буйруғи билан «Ўзбекистон олий таълим аълочиси» ва «Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги» кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шунингдек, фалсафа фанлари ривожига қўшган ҳиссаси, фалсафий билимларни халқ орасида кенг тарғиб қилиш ва халқимизда фалсафий маданиятни шакллантириш борасидаги улкан хизматлари учун «Ўзбекистон Фалсафа жамиятининг Фахрий ёрлиғи» билан тақдирланди. Шунингдек, кўплаб халқаро ва республика миқёсидаги сертификат, ташаккурнома ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган.

– Устоз ўзининг илмий меҳнатлари, фидойилиги ва инсоний фазилатлари билан жамиятимиз илм-фан соҳасида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда. У нафақат илмий мактаб яратган, балки фалсафа, педагогика, сиёсатшунослик, тарих ва ҳуқуқшунослик соҳаларида чуқур билимга эга, кенг дунёқарашга эга шогирдлар тайёрлаб, мамлакатимиз илмий салоҳиятини оширишга катта ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг шогирдлари бугун республика миқёсида фаолият юритаётган етук олимлар, тадқиқотчилар, ўқитувчилар ва амалиётчи мутахассислар сафида муносиб ўрин эгаллаб турибди. Устознинг талабчанлиги, билими, керак жойда қаттиққўллиги ҳар бир шогирди учун ибрат мактаби, – дейди унинг шогирдларидан бири фалсафа фанлари доктори, (PhD) доцент Жақсылық Бийимбетов.

Профессор Бердимуратова ўз шогирдларига нафақат илмий билим, балки эзгулик, ҳалоллик, адолат ва масъулият каби умуминсоний қадриятларни сингдирган устоз сифатида эътироф этилади. Бугун кўплаб шогирдларининг илмий унвон олиши, диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилиши ва таълим тизимида фаол хизмат қилиши бу профессор Алима Бердимуратованинг меҳнатсеварлиги ва устозлик фидойилигининг ёрқин далилидир. Албатта 60 ёшини шундай катта муваффақиятлар билан қарши олаётган устознинг жамиятга, илм-фанга, ёшларни тарбиялашга қўшган ҳиссаси унинг ҳаётидаги катта ғалабаси, фахри, қорақалпоқ аёл-қизларига хос бўлган мардлик ва жасорат йўлидир.

– Тўғри яшашга, илм олишга йўналтириб, тарбия билан бирга таълимни ҳам берган ота-онамга ҳар доим миннатдорман. Албатта, устозларим учун ҳам айтадиган миннатдорчилигим кўп. «Инсон ҳаётда олий мақсадларни қўйиб, унга эришиш учун ҳалол меҳнат қилса албатта эришади» деган отамнинг насиҳати менинг умр йўлимда озиқ бўлди. Бу гапни мен шогирдларимга ҳам айтиб келмоқдаман. Ҳар бир шогирдим, талабаларимнинг юртимизда яратилган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, эл-юртимизга ҳалол хизмат қиладиган, жамиятга керакли инсонлар бўлиб етишишларига тилакдошман, – дейди у.

Қорақалпоқ давлат университетида қарийб 40 йилдан буён ёшларга таълим бериб келаётган профессор А.Бердимуратова нафақат таълим берувчи, балки руҳий куч, илҳом ва эзгуликка чорловчи устоз. Унинг илмий мероси бугун шогирдлари учун йўл кўрсатувчи йўл, келажакда эса ёш олимлар учун ҳаёт озиғи бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.

Гулнора Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги