Сунъий интеллект: кадрлар салоҳиятини ошириш йўлидаги изланишлар

65

Маълумки, ҳозирги кунда давр билан ҳамнафас одимлашда замонавий технологияларни амалиётга жорий этиш энг долзарб масала ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари ҳаётнинг турли соҳаларида сунъий интеллектни қўллаш кенгайиб бораётгани, сунъий интеллектга тайёрлик халқаро индексида Ўзбекистон 17 поғонага кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Бу йўналишга эътиборнинг давоми сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14 октябрдаги қарори билан Сунъий интеллект технологияларини 2030 йилгача ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда сунъий интеллектга асосланган дастурий маҳсулотлар ва хизматлар улушини кўпайтириш, техник инфратузилмани кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш каби қатор чора-тадбирлар белгиланди.  Ушбу топшириқлардан келиб чиқиб, Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида «Педагоглар малакасини ошириш тизимида сунъий интеллект: психологик-педагогик жиҳатлари, таълимни рақамлаштириш шароитида педагоглар малакасини ошириш тизимини модернизация қилиш» мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.



– Сунъий интеллект тизимлари бугунги кунда инсоният ҳаётининг барча соҳаларига кириб бораётгани сир эмас, – дейди ҳудудий марказ бўлим бошлиғи Абат Бекманов.  – Сунъий интеллект тизимлари иқтисодиёт, тиббиёт, муҳандислик ва бошқа кўплаб соҳаларда қўлланиб келинмоқда. Бунда сунъий интеллектни алоҳида илмий тадқиқот соҳаси сифатида олимлар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда ва ҳатто 2024 йил якунлари бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган олимлар ҳам ўз илмий ишларида сунъий интеллект тизимларидан фойдаланганлигига гувоҳ бўламиз.

Тадбирда Қорақалпоқ давлат университети ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий марказида педагоглар малакасини оширишда рақамлаштириш процеси билан таништирилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги