Эндиликда ҳар йили минг нафар ёшлар пул мукофоти билан тақдирланади

61

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармонига кўра, 2026 йилдан бошлаб “Ёшлар дафтари” орқали ёрдам олиш жараёнлари бутунлай янгиланади.

Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг таъкидлашича, бу янги тизим ёшлар имкониятини кенгайтириш ва уларни фаол ҳаётга жалб қилишга хизмат қилади.

– Ёшлар учун энг муҳим дастурлардан бири бўлган “Ёшлар дафтари” энди бутунлай янги босқичга чиқди, – деди А.Саъдуллаев. –Президентимизнинг янги фармони ёшлар ҳаётига катта ўзгариш олиб келади. Бундан буён “Ёшлар дафтари” тизими  имкониятлардан фойдаланишни истаган ёшлар, олдиндан қўйилган талабларни бажаришлари шарт бўлади. Бу талабларнинг барчаси шахсий ривожланишга қаратилган. Яъни ёшларимиз эндиликда “Ёшлар дафтари” имкониятларидан фойдаланмоқчи бўлса, олдиндан белгилаб қўйилган талабларни бажариши керак бўлади. Жумладан,  “Mutolaa” иловасида китоб ўқишлари, Ибрат фарзандлари дастури орқали тил ўрганишлари, ўқиш жараёнида волонтёрлик фаолиятида иштирок этишлари ва 5 ташаббус олимпиадаларида фаол қатнашиб, натижа кўрсатишлари талаб этилади.

Президент фармонига кўра,  2026 йил 1 февралдан бошлаб, “Ёшлар дафтари” жамғармаларидан ёрдам оладиган ёшлар билан ижтимоий ҳамкорлик тизими йўлга қўйилади. Бунда ёрдам ажратиш вақтида маҳалладаги ёшлар етакчиси ва ёрдам олувчи ёш ўртасида ижтимоий шартнома тузилади.

Ижтимоий шартномада таълимни узлуксиз давом эттириш ва юқори даражада ўзлаштириш, хорижий тилларни ўрганиш, китоб мутолаа қилиш, волонтёрлик ва ўз устида ишлаш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган шартлар белгиланади.

Ижтимоий шартнома шартларини мунтазам равишда камида олти ой давомида юқори даражада бажарган ёшларга ижтимоий ёрдам сўраб мурожаат қилган вақтидан қатъи назар, унга имтиёзли равишда навбатдан ташқари ижтимоий ёрдам кўрсатилади.

Энг яхши 1 000 нафар ёш ҳар йили бир марта Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ажратилган маблағлар доирасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Шунингдек, ёшларнинг ташаббускорлиги ва фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган мукофотларга тавсия этилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА