Машина “пробеги” ўзгартирилгани харидорга айтилмаса, жавобгарлик белгиланади

Транспорт воситаларининг олди-сотди бозори йилдан-йилга ўсиб, ривожланиб бормоқда. Маълумотларга кўра, 2022 йилда бирламчи бозорда 312 мингта енгил автотранспорт сотилган бўлса, иккиламчи бозорда бу 1,1 миллиондан ошган.
Аммо автотранспорт бозоридаги фирибгарликлар, кўзбўямачилик ва алдовлар кўпгина фуқароларнинг чув тушишига сабаб бўлмоқда. Хусусан, машиналарни қиммат сотиш мақсадида одометр кўрсаткичи — “пробег”ини сохталаштириш ҳолатлари кўп кузатилаётгани нархнинг сунъий ошиши ва истеъмолчи ҳуқуқларининг поймол этилишига олиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси айни масалага дахлдор.
Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига бир қатор қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан, автотранспорт воситасининг босиб ўтган масофасини кўрсатувчи одометр ускунаси кўрсаткичлари ўзгартирилгани ёки одометр ускунаси алмаштирилгани ҳақида автотранспорт воситасини реализация қилишдан олдин харидорни хабардор этмаслик учун жавобгарлик чоралари белгиланмоқда. Жумладан, бунинг учун жавобгар базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 бараваригача миқдорда жаримага тортилиши таклиф этиляпти.

Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган нормаларнинг бугунги кундаги аҳамиятини эътироф этиб, ўз фикр-мулоҳазаларини ва бир қатор таклифларини берди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА