Видеоселекторда белгиланган вазифалар ХДП дастурий мақсадларига ҳамоҳанг
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари ва парламент назоратига оид масалалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда дастлаб Президент раислигида бўлиб ўтган камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган устувор вазифалар хусусида тўхталиб ўтилди. Мазкур вазифаларнинг ижросини таъминлаш, бу жараёнда Халқ демократик партияси депутатлик корпусининг фаол иштирокига эришиш масалалари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Таъкидланганидек, юртимизда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, муҳтож аҳоли вакиллари манфаатларини ҳимоялаш борасида бир қатор натижаларга эришилмоқда. Бу борадаги ишларни давом эттириш аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим ўрин тутади.

Қайд этилдики, видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, уларнинг амалга оширилиши партия электорати манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади. Шунинг учун камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ижросида жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш ҳамда реал натижалар учун қатъий ва амалий ҳаракат қилиш зарурлиги айтилди.
Муҳокамаларда фракция аъзолари мазкур йўналишда бир қатор таклиф ва тавсияларни билдирди. Жумладан, депутат Шарофиддин Назаров иш ўринлари очилгани ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлиги масаласида ҳудудларда депутатлик назоратини кучайтириш, айниқса, бу борада халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан доимий бирга ишлаш зарурлигини таъкидлади.
Шу билан бирга, мутасадди идоралар ва ижро ҳокимиятининг камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш борасидаги масъулиятини кучайтириш, партия тизимида жойларда олиб борилаётган ўрганиш жараёнларида шу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳам айтиб ўтилди.
Шундан сўнг йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси раиси К.Сариевнинг “Мамлакатимизда умуммиллий тотувликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА