Илмий-тадқиқот йўналишларига ажратилаётган квоталар кўлами кенгаймоқда
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида олий таълимдан кейинги таълим тизимини такомиллаштириш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланмоқда.
Сўнгги йилларда ушбу соҳада кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2017 йилдаги 504 та қабул квотасига нисбатан олий таълимдан кейинги таълим учун ажратиладиган квоталар 10 бараварга оширилиб, 2025 йил учун 5 250 та ва 2026 йил учун 5 300 та қилиб тасдиқланди.
Инновацион ривожланиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Муқаддас Фаёзованинг маълум қилишича, олий таълимдан кейинги таълим тизимида квоталарнинг кенгайиши мамлакатимиз учун стратегик аҳамиятга эга илмий соҳаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
– 2026 йил учун ажратилган 5 300 та квотанинг 60 фоизини замонавий технологиялар, соғлиқни сақлаш ва биоинновациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ҳамда сув ресурслари ва атроф-муҳит муҳофазаси каби устувор йўналишларга йўналтириш ёш олимлар учун манзилли имкониятларни кенгайтираяпти. Бу илмий салоҳиятни оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Шу билан бирга, илмий ва таълим ташкилотларида олий таълимдан кейинги таълим институтлари қамрови ҳам сезиларли даражада кенгайди. Агар 2017 йилда бундай институтлар 100 та ташкилотда фаолият юритган бўлса, 2025 йилда улар сони 249 тага етди. Бу эса 2,3 баравар ўсишни ифодалайди. Изланувчилар сони ҳам барқарор ошиб бормоқда, – деди М.Фаёзова.
2025 йилнинг тўртинчи чораги ҳолатига кўра, олий таълимдан кейинги таълим тизимида жами 34 149 нафар изланувчи таҳсил олмоқда. Шулардан 11 877 нафари докторантурада (DSc – 722, PhD -11 155 нафар), 21 919 нафари мустақил изланувчиликда (DSc – 3 546, PhD -18 373 нафар), 353 нафари эса стажёр-тадқиқотчи сифатида илмий фаолият олиб бормоқда.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар олий таълимдан кейинги таълим тизимини «Ўзбекистон -2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар билан тўлиқ уйғунлаштириб, мамлакатда янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш жараёнини янада жадаллаштирмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА