Самарқандда “CITES CoP20” тадбирлари бошланди
Ўзбекистон йўқолиб бораётган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдони тартибга солиш тўғрисидаги конвенция (CITES) монлар конференциясининг 20-сессиясига (CITES CoP20) расман мезбонлик қилмоқда.
Бугун тадбирлар ўтказиладиган Самарқанд халқаро туризм марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ва CITES Бош котиби Ивонн Игуеро хоним иштирокида
БМТ ва Ўзбекистон республикаси давлат байроқлари кўтарилди.

Куннинг иккинчи ярмида халқаро форум доирасидаги илк сессия “CITES CoP20″ конференциясининг стратегик таъсирини ошириш. Сиёсатдан амалиётга: ёввойи ҳайвонлар билан боғлиқ тартибга солинадиган савдо соҳасида мониторинг, молиялаштириш ва амалий чоралар” мавзусида ўтказилди.

Самарқандда мазкур конференциянинг ўтказилиши халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим қадам бўлиб, мамлакатнинг ёввойи табиатни асраш ва барқарор табиий ресурслардан фойдаланиш борасидаги қатъий позициясини тасдиқлаши таъкидланди.
Ўзбекистон 1997 йилдан бери CITES Конвенцияси иштирокчиси ва мазкур Конвенция Иловаларига киритилган қатор турларнинг ватани ҳисобланади. Уларга қор қоплони, сайғоқ ва камёб доривор ўсимликлар киради. Самарқандда (CITES CoP20) кенг қамровли муҳокама майдонига айланиб, ёввойи турлар билан халқаро савдо барқарорлиги, қонунийлиги ва мониторинг тизимларининг ишлаб борилиши, айниқса, CITES I ва II иловаларига кирувчи турлар бўйича кузатув механизмларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинади.

CITES Котибияти, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда Ўзбекистон CoP20 самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор махсус тадбирларни бошлаб берди. Шулардан энг муҳимларидан бири — биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича инновацион молиявий ечимларни илгари суришга қаратилган юқори даражадаги мулоқотдир.
Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, CITES Бош котиби Ивонн Игуеро ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фужии очиб берди.
Панел сессияси доирасида “Минтақадаги биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича инновацион ечимлар” мавзусида Марказий Осиё вазирлари иштирокидаги мулоқот ўтказилди. Унда Қозоғистон экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев, Қирғиз Республикаси табиий ресурслар, экология ва техник назорат вазири ўринбосари Алмаз Мусаев, Тожикистон ҳукумати ҳузуридаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Баҳодур Шерализода ва Туркманистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Чарйгелди Бабаниязов ўз маърузалари билан иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган Азиз Абдуҳакимов ёввойи ҳайвонлар билан ноқонуний савдо қилиш дунёдаги энг йирик жиноятлардан бири эканлиги, гиёҳванд модда, қурол-яроғ ва одам савдосидан кейин тўртинчи ўринда туришини таъкидлади.
—Яқинда чоп этилган 2024 йилги ҳисоботга кўра, 162 мамлакатда ёввойи ҳайвонлар билан ноқонуний савдо ҳолатлари аниқланган ва бу 4000 турдаги ўсимлик ва ҳайвонларга таъсир қилган, улардан 3250 таси CITES рўйхатига киритилган. Ҳукуматлар томонидан 13 миллиондан ортиқ товар мусодара қилинган, — деди Азиз Абдуҳакимов. —Бу ҳолатга барҳам бериш учун қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор бериш лозим.
Биринчи навбатда ёввойи табиат боғлари, парваришлаш марказлари ва маҳаллий ўсимликлар учун хусусий сектор инвестицияларини рағбатлантириш, биохилма-хилликни асраш ва маҳаллий жамоалар учун фойда келтирадиган табиатга асосланган туризм ташаббусларини қўллаб-қувватлаш лозим. Шунингдек, атроф-муҳит бўйича муҳандислар, божхона ходимлари, ветеринария ва карантинни назорат қилиш хизмати учун минтақавий ўқув дастурларига инвестициялар киритиш ҳам мақсадга мувофиқ. Яқинда ташкил этилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) атроф-муҳит бўйича бундай тренинглар учун мезбонлик қилишга тайёр.
Жаҳон тенденциялари мавжуд молиявий оқимларнинг етарли эмаслигини кўрсатмоқда.
Улар йилига тахминан 143 миллиард долларни ташкил этади, шундан 80–85 фоизи давлат секторига тўғри келади.
CITES CoP20 доирасида қуйидаги илғор механизмларга алоҳида эътибор қаратилади:
— табиатни муҳофаза қилиш облигациялари;
— “табиат эвазига қарз” дастурлари;
— экотизим хизматлари учун тўловлар, жумладан “ёввойи табиатни асраш кредитлари”;
— популяциялар мониторинги ва ёввойи турларга тушадиган босимни камайтириш механизмлари;
— сунъий кўпайтириш ва ўсимликларни барқарор етиштириш тизимлари.
Кўп томонлама ва кўп секторли ёндашув — ҳукуматлардан тортиб бизнес, фуқаролик жамияти ва маҳаллий ҳамжамиятларгача — табиатни муҳофаза қилиш бўйича молиявий фарқни қисқартиришнинг калитидир.
Делегация раҳбарлари учун ўтказиладиган юқори даражадаги тадбир минтақа мамлакатларининг табиатни муҳофаза қилишни молиялаштириш бўйича инновацион ечимлари ва амалий тажрибаларини намойиш этади. Иштирокчилар ички ва халқаро ресурсларни, давлат ва хусусий инвестицияларни бирлаштирувчи интеграциялашган ёндашувларни муҳокама қиладилар.
Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА