Камбағалликни қисқартириш борасидаги вазифалар ижросида депутатлик назоратини ўрнатиш лозим

67

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда дастлаб шу йил 19 ноябрь куни давлат раҳбари бошчилигида ўтган камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар сарҳисоби ва келгуси йил учун устувор вазифалар юзасидан видеоселекторда кўтарилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Фракция раҳбари ўринбосари Ойбек Раҳимов, депутат Наврўз Юсупов ва бошқалар ушбу йиғилишда илгари сурилган ташаббуслар, белгилаб берилган вазифаларни эътироф этиб, уларнинг мамлакат барқарор ривожланиши, аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятига тўхталди.

— Видеоселектор йиғилишида жорий йил бошидан ишсизлик 4,9 фоизга тушгани, илк бор 1 минг 435 та маҳалла “камбағалликдан холи” ҳудудга айлангани алоҳида қайд этилди, — деди Н.Юсупов. — Шунингдек, давлатимиз раҳбари келгусидаги вазифаларга алоҳида тўхталди. Жумладан, туризм салоҳияти юқори 150 та маҳалланинг инфратузилмаси яхшиланса, бу ерларда хизматлар ҳажмини 10 триллион сўмга етказиш, 45 минг нафар одамни савдо ва сервисда банд қилиш мумкинлиги айтилди. Шу мақсадда келаси йилда 150 та маҳалланинг ҳар бирига инфратузилма учун 3-5 миллиард сўмдан берилиши маълум қилинди.

Бундан ташқари, аҳоли бандлигига хизмат қилувчи қурилиш, туризм, хизматлар соҳаси, қишлоқ хўжалиги ва саноат йўналишларида янги имкониятларни очиш, мазкур йўналишларда иш ўринларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Мазкур йиғилишда белгилаб берилган вазифалар аҳолини иш билан банд қилиш ва даромадга эга бўлишига хизмат қилади, — деди депутат.

Муҳокамаларда қайд этилганидек, камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган мазкур йиғилишда белгиланган вазифалар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш лозим. Бу борада Экофракциянинг тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилгани таъкидланди.

Шундан сўнг фракция йиғилиши кун тартибидаги қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА