«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон»: табиий газдан тўғри фойдаланишимиз керак

Барчамизга маълум, совуқ кунлар кириб келиши билан фуқароларнинг иссиқликка бўлган талаби ортиб, шундай пайтлари иситиш тармоқларининг иситиш мавсумига яроқлилиги яна бир бор кўздан кечирилиши зарур ҳисобланади.
«Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали ходимлари томонидан иситиш мавсуми олдидан аҳоли ўртасида табиий газдан тўғри фойдаланиш, газнинг заҳарли ҳидидан зарарланишнинг олдини олиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда. Улар республикамизнинг барча ҳудудларида аҳоли билан учрашиб, олий ўқув юртлари, муассаса ва корхоналарда, аҳоли гавжум жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бормоқда.

Бунда асосан, иситиш қозонхоналари ва унинг мўриларининг созлигига, уларни турли буюм ва бошқа нарсалар билан беркитмасликка, шунингдек, махсус мўри тозаловчи ташкилотлар томонидан ўз вақтида тозаланишига эътибор қаратиб, табиий газдан тўғри фойдаланиш, газнинг заҳарли ҳидидан зарарланишнинг олдини олиш учун оддий қоидаларга амал қилиш талаб этилмоқда.
– Шунингдек, қўлбола ва носоз газ жиҳозларидан фойдаланмаслик, тунги вақтларда қозон, печларни назоратсиз қолдирмаслик, ошхонада ўрнатилган табиий газ билан ишлайдиган газ плиталаридан хонани иситиш учун фойдаланмаслик, газ жиҳозларини ўрнатиш қоидаларига риоя қилиш ва уларга резина шланглар орқали уланишга йўл қўймаслик, хонани иситишда очиқ оловдан фойдаланмаслик тавсия этилмоқда. Газнинг заҳарли ҳидидан зарарланиш ва келиб чиқиши мумкин бўлган ёнғинлардан зарар кўриш сабабларини аниқ мисоллар билан тушунтирмоқда, – дейди «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиалининг бўлим бошлиғи Ажиниёз Аманбаев.
Бу борадаги тарғибот тадбирлари жойларда давом этмоқда.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги