2026 йилги Давлат бюджети лойиҳаси қуйи палатага киритилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси томонидан “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Унда халқ вакиллари қонун лойиҳасининг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига ҳамда Бюджет кодекси талабларига мувофиқ киритилганлигига алоҳида эътибор қаратдилар.
Қайд этилганидек, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети, шу жумладан Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг параметрлари, шунингдек, Давлат қарзининг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган ҳажмлари белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджети даромадлари ва харажатлари ҳамда узоқ муддатли фискал мақсадлар ва уларга эришиш учун солиқ ва бюджет сиёсатининг ўрта муддатдаги кўрсаткичлари бўйича депутатлар ўз фикр ва мулоҳазаларини, таклифларини билдиришди.
Лойиҳада кўзда тутилган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари жамият ривожланишига, тадбиркорлик субъектларининг янада ошишига хизмат қилади.
Лойиҳа концепцияси муҳокамаси давом эттирилмоқда.
М.Комилова, ЎзА