Уч мамлакат вазирлари сув ва энергия ресурсларини мувофиқлаштириш бўйича келишувга эришди

70

Энергетика вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Олмаота шаҳрида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг энергетика ҳамда сув хўжалиги соҳалари раҳбарлари иштирокида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев, Қозоғистон Республикаси Энергетика вазири Ерлан Аккенженов, сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов ҳамда Қирғизистон Республикаси Энергетика вазири Таалайбек Ибраев, шунингдек, мамлакат сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Алмаз Жееналиев иштирок этди.

Музокаралар чоғида минтақанинг сув-энергетика тизими барқарорлиги, мавсумий юкламаларни мувофиқлаштириш ва ўзаро ёрдам механизмларини янада такомиллаштириш масалалари кенг муҳокама қилинди. Жумладан, Тўхтағул сув омборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, учрашув иштирокчилари ўзаро электр энергияси етказиб бериш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ва келгуси вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олди.

Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришга тайёрлиги яна бир бор тасдиқланди. Бу, ўз навбатида, Қирғизистонга қиш давомида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартириш имконини беради ҳамда Тўхтағул сув омборида зарур бўлган сув миқдорини тўплашга шароит яратади. Жамғарилган сув захираси кейинчалик Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ерларини вегетация даврида барқарор суғоришга хизмат қилади.

Учрашувда, шунингдек, минтақада энергия истеъмолини оптималлаштириш, тежамкорликни ошириш ва самарадорликни таъминлаш бўйича қўшма амалий чора-тадбирларни йўлга қўйиш масаласида ҳам келишилди. Вазирлар ҳамкорликнинг “яқин қўшничилик” руҳида амалга оширилаётганини қайд этиб, Марказий Осиёда энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш барча иштирокчи мамлакатлар учун устувор вазифа эканини таъкидлади.

Йиғилиш якунида томонлар 2026 йил вегетация мавсуми учун қишки электр энергияси етказиб бериш ва сув тўплаш ҳажмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи уч томонлама баённомани имзолади.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА