Экологик хавфсизлик ва фалсафий тафаккур: А.Бердимуратованинг илмий мероси асосида

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида профессор Алима Карлибаевна Бердимуратованинг 60 йиллик юбилейига бағишлаб «Экологик хавфсизлик ва унинг глобал хавфсизлик тизимидаги ўрнининг фалсафий-методологик таҳлили» мавзусида республика илмий-назарий конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияни университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаев бошқариб борди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, олий ўқув муассасалари профессор-ўқитувчилари, кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан профессор Алима Карлибаевнанинг илмий фаолияти, фалсафа ва методология соҳасидаги хизматлари, ёш кадрлар тайёрлашга қўшган салмоқли ҳиссаси алоҳида таъкидланди. Шунингдек, унинг бугунги кундаги илмий мактаби, олим шогирдлари томонидан олиб борилаётган изланишлар ва ютуқлар ҳам намойиш этилди. Устознинг республика ва халқаро илмий жамоатчиликдаги ўрни, фалсафа соҳасидаги назарий ва амалий қўлланмалари, олиб борган тадқиқотлари илмий жамоатчилик томонидан юқори баҳоланди.
Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарорига мувофиқ Алима Бердимуратова «Ватан фидойиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маълумот учун айтадиган бўлсак, Алима Бердимуратова 1987 йили Москва давлат университетининг фалсафа факультетини тугатгандан сўнг, ўзининг илмий изланишларини олиб бориб, номзодлик диссертациясини 1993 йил 17 февралда Москва давлат университети фалсафа факультетидаги ихтисослаштирилган илмий кенгашда муваффақиятли ҳимоя қилади. Докторлик диссертациясини эса, 2000 йилнинг 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Фалсафа ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги фан доктори илмий даражасини берувчи ихтисослаштирилган кенгашда «Философско-методологические проблеми sovremennoy ekologicheskoy situatsii (на материалах Приараля) » мавзусида 09.00.01 – Диалектика ва билиш назарияси мутахассислиги бўйича муваффақиятли ҳимоя қилган.
У ўз тадқиқотларида жамият тараққиёти, маънавий қадриятлар, ёшларнинг интеллектуал ривожланиши каби долзарб масалаларга фалсафий ёндашувни илгари суриб келмоқда. Алима Бердимуратова томонидан олиб борилган илмий изланишлар нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий ҳаётда ҳам ўз аксини топган. Олим раҳбарлигида ҳимоя қилинган илмий ишларда миллий тафаккур, замонавий ёндашув ва педагогик маҳорат уйғун ҳолда акс эттирилган. Шогирдлари эса бугун мамлакатимизнинг турли соҳаларида муваффақиятли фаолият олиб бориб, устознинг номини фахр билан тилга олади. Профессорнинг илмий мероси кенг кўламли асарлар, мақолалар, монографиялар ва илмий тадқиқотлар орқали ўз ифодасини топган. Унинг ёзган асарлари бугунги кунда кўплаб талаба ва тадқиқотчилар учун қимматли манба сифатида хизмат қилмоқда.

Айни пайтда Алима Бердимуратова Қорақалпоқ давлат университети «Ижтимоий фанлар» кафедраси мудири лавозимида ўзининг кўп йиллик тажрибаси билан ёшларга устозлик қилиб келмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги