Ўзбекистон делегацияси давлат хизмати вa кадрлар сиёсати бўйича Франция тажрибасини ўрганмоқда

55

Давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини бошқариш тизимини самарали ташкил этиш, ходимларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва стратегик асосланган йиллик кадрлар режалари ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Миллий бошқарув тизимида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Самарали бошқарув” дастури доирасида “Инсон ресурсларини стратегик режалаштириш” механизмлари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Жумладан, 23 вазирлик вa идорада кадрларни режалаштириш услублари татбиқ қилинди.

Лойиҳа доирасида Президент Администрацияси, Президент ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги, Стратегик ривожланиш вa ислоҳотлар агентликлари масъулларидан иборат делегация учун  Францияда стажировка дастури ташкил этилди.

Дастур давомида делегация SIGMA вa OECD ташкилотлари вакиллари билан учрашув, давлат хизматида инсон ресурсларини стратегик бошқариш, кадрларни меритократик асосда танлаш, ишчи кучини баҳолаш вa рағбатлантириш каби тажрибалар билан танишиш кўзда тутилган.

Франциянинг давлат бошқаруви вa хизмати бўйича бош директорати вa Франция давлат хизмати миллий институти билан учрашувлар ташкил этилади. Унда давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш, рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш вa бошқарув самарадорлигини янада яхшилаш масалалари муҳокама қилинади.

Маълумот учун: ушбу дастур Ўзбекистонда инсон ресурсларини стратегик режалаштириш соҳасида илғор тажрибаларни жорий этиш, кадрлар сиёсатини замонавийлаштириш ва давлат хизмати самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган.

Н.Абдураимова, ЎзА