«Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастурида кимлар иштирок этиши мумкин?

66

Ёшларимизнинг дунёдаги етакчи олий ўқув юртларига ўқишга кириши учун чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлаш мақсадида ҳаётга татбиқ этилган Миллий дастурнинг дастлабки босқичи муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Аҳамиятлиси, Қорақалпоғистон Республикасининг умумий ўрта таълим мактабларидан 144 нафар ўқувчи ушбу дастур доирасида республика бўйлаб ўтказилган танловда энг юқори балл тўплаган 1 минг 500 нафар 9-синф битирувчилари қаторидан танлаб олиниб, билимларини оширмоқда.

Бугун улар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Ренессанс» болалар оромгоҳида ўқув машғулотларини бошлаган. Миллий дастур давомида ўқувчилар бухгалтерия ҳисоби, бизнес асослари ва замонавий ёндашув (Global Perspectives) фанларини ўрганади. Ушбу фанлар Миллий дастур иштирокчиларининг аттестатларига киритилиши белгиланган.

«Президент иқтидорли фарзандлари» Миллий дастурининг дастлабки босқичи бўйича бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар, ўқув жараёни, лойиҳанинг келажакдаги истиқболлари ҳақида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси Президент мактаби маслаҳатчиси Данияр Дастеновдан интервью олди.

– «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастури иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашнинг амалдаги ва реал, салоҳиятли, инновацион механизми эканлиги билан эътиборлидир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йилнинг 15 май куни қабул қилинган «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» ташаббусини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш, ёшлар билан манзилли ишлаш орқали глобал меҳнат бозорида рақобатбардош бўлган мутахассисларни тайёрлаш ва мамлакат тараққиёти учун янги инновацион имкониятлар яратиш каби мақсадларни кўзлайди. Бугунги кунда бу ҳужжат иқтидорли ёшларни ягона платформага бирлаштириш орқали уларнинг ўзаро ҳамкорлиги, тажриба алмашиши ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун самарали муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этади.

– «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастурида кимлар иштирок этиши мумкин?

– Дастурда мамлакатимиздаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг 9-синфини битирувчи ўқувчилари иштирок этиши мумкин. Бунинг учун жорий йилнинг май-август ойлари оралиғида танлов ўтказилди. Унда 9-синф битирувчиларидан иборат 28 минг нафар талабадан 1 минг 500 нафар энг иқтидорли ўғил-қиз математика ва инглиз тили фанларидан ўтказилган махсус тест-синовлари орқали саралаб олинган эди.

Бугунги кунда ушбу ўқувчи-ёшларнинг бир қисми «Ренессанс» дам олиш марказида бухгалтерия ҳисоби, бизнес асослари ва замонавий муносабат фанлари бўйича 45 дақиқалик дарслардан иборат машғулотларда иштирок этмоқда. Ҳафтасига жами 30 соатлик таълим жараёнида хорижий давлатлар ва мамлакатимизнинг энг тажрибали педагоглари ўқувчиларга дарс ўтмоқда.

– Ушбу ўқув дастурларидаги фанлар ҳозирги замон талабидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларга зарур кўникмаларни бериш мақсадида танлаб олинган, шундай эмасми?

– Албатта, танланган фанлар мактаб битирувчисининг молиявий саводхонлигини оширишга, танқидий фикрлашни ривожлантиришга, мустақил қарор қабул қилиш ва ўз фикрини ҳимоя қила олишга, уларни замонавий иқтисодиёт ва жамият талаб қиладиган кўникмалар билан таъминлашга қаратилган. Таълим жараёни Cambridge Assessment International Education ёндашувлари асосида инглиз тилида амалга оширилмоқда.

Хусусан, «Бухгалтерия ҳисоби» фани (Accounting)) – молиявий саводхонлик, ҳисоботларни ўқиш, таҳлил қилиш ва қарор қабул қилиш кўникмаларини шакллантиради. Шу орқали ўқувчиларда танқидий фикрлаш ва муаммоларни ҳал қилиш салоҳиятини юзага чиқаради. «Бизнес асослари» фани (Business) – бозор мантиғи, бошқарув ва тадбиркорликка оид асосий тушунчаларни беради. Ўқувчида танқидий фикрлаш ва амалий масалаларни ечиш қобилиятини ривожлантиради. «Замонавий дунёқараш» фани (Global Perspectives) – кенг дунёқараш, мустақил ўрганиш, далилларга асосланган фикрларни билдириш ва ўз нуқтаи назарини ҳимоя қила олиш кўникмасини ривожлантиради.

Ушбу фанлар Миллий дастур иштирокчиларининг аттестатларига ҳам киритилиши белгиланган. Курс якунида ўқувчилар ушбу йўналишлар бўйича имтиҳон топширади. Уларнинг натижалари эса давлат намунаси асосида белгиланган расмий гувоҳномаларда акс эттирилади.

– Дастур доирасида ўқувчиларни дунёдаги етакчи олий ўқув юртларига тайёрлаш учун шундай қисқа муддатли ўқув курсларидан ташқари қандай тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган?

– Миллий дастурда иштирок этаётган ўқувчиларга Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактаблардан-мактаб маслаҳатчиси бириктирилган бўлиб, улар икки йил давомида – 10-11-синфларда ўқиш давомида ёшларнинг портфолиоларини шакллантиришга, халқаро имтиҳонларга тайёрлашга ва мотивацион йўналишда ёрдам беради.

Ушбу маслаҳатчилар ўқувчиларга олий таълимга кириш учун зарур бўладиган билим ва кўникмаларни ривожлантиришда ҳамда портфолиони мустаҳкамлашда ёрдам беради.

Шуни ҳам айтиш керакки, бугунги кунда дунёнинг энг етакчи олийгоҳларида ёшлар портфолиосига катта эътибор қаратилади. Яъни, университетга кириш истагидаги йигит ёки қиз қандай лойиҳа қилган, ёшларнинг етакчилик салоҳияти, жамиятга, ижтимоий ҳаётга келтирган фойдаси каби реал фаолиятига асосий эътибор қаратилади. «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастури ўқувчиларга ана шу портфолиони шакллантириш имконини яратади.

Иштирокчиларга зарур кўникмаларни бериш учун Миллий дастур платформаси ишлаб чиқилади. Унда 100 баллик рейтинг тизими йўлга қўйилган бўлиб, бу платформада халқаро имтиҳон натижалари, фанлар бўйича олимпиада ютуқлари, ижтимоий лойиҳалар ва спорт-ижодий ишлар ҳисобга олинади.

– Бугунги кунда «Ренессанс» оромгоҳида таълимга оид энг илғор ва инновацион лойиҳалар, қизиқарли анжуманлар, ўқувчи-ёшларнинг билими, салоҳиятини оширишга қаратилган маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу орқали мамлакатимиз ёшларимизнинг билимига ўзига хос рағбат, янги орзу-интилишларига қанот бағишламоқда.

– Тўғри айтасиз, оромгоҳда интенсив ўқув машғулотлари жараёнида дастур иштирокчилари фанларни катта қизиқиш ва билимга чанқоқлик билан, фаол ўзлаштираётганига гувоҳ бўлиш мумкин. «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастури ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш билан бирга, уларнинг ижодий дунёқараши ва етакчилик кўникмаларини ҳам ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ташкил этилаётган ҳар бир тадбир ўқувчиларнинг фикрлашини, саҳнада ўзини эркин тутишини ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган.

Хусусан, ўқувчилар ўртасида «Талант шоу,» «Заковат» интеллектуал ўйини, стол тенниси, баскетбол ва бошқа спорт мусобақалари ўтказилиб, дам олиш кунлари саёҳатлар ташкил этилмоқда. Натижада улар жамоавий фикрлаш, тезкорлик ва мантиқий тафаккурни мустаҳкамламоқда.

Мухтасар айтганда, «Президентнинг иқтидорли фарзандлари» Миллий дастури – бу нафақат таълим лойиҳаси, балки ёшларнинг тафаккури, дунёқараши ва қобилиятини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган кенг кўламли ташаббус ҳисобланади.

Суҳбатлашган: М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси