Яна бир ноқонуний қурилма мажбурий буздирилди

Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан суд қарорларига асосан, фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда қурилган қурилмаларни мажбурий бузиш ишлари амалга оширилмоқда.
– Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширилган мажбурий ижро ҳаракатлари натижасида жами 200 дан ортиқ ноқонуний қурилмалар буздирилишига эришилган, – дейди Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими давлат ижрочиси Сулувхон Қалмурзаева. – Масалан, фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг жорий йил 5 июнь кунги ижро ҳужжатига асосан, Нукус шаҳри «Саманбай» МФЙ «Сүўенли» кучасида 370 кв.м. ер майдонига ўзбошимчалик билан қурилган пойдеворни мажбурий буздириш ва ер майдонини яроқли ҳолатга келтириш белгиланган.

Ушбу ижро ҳужжати бўйича Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан ижро ҳаракатларига киришилди. Жумладан, жавобгарга ноқонуний қурилмани ўз ҳисобидан бузиши лозимлиги ҳақида бир неча маротаба тушунтириш ва огоҳлантириш берилди. Шунга қарамасдан, жавобгар томонидан ноқонуний қурилма ихтиёрий равишда бартараф этилмади.
Шу сабабли, ушбу ноқонуний қурилма Бюро ходимлари томонидан, махсус техника воситалари ёрдамида мажбурий буздириб ташланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги