Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди

59

Бугунги кунда мамлакатимизда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, ифлосланишининг олдини олиш, оқова сувларни хавфсиз тарзда қайта ишлатиш ҳажмини ошириш, 2030 йилгача барча учун турар жой ва уй-жой коммунал хизматларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш каби йўналишларда қатор самарали саъй-ҳаракатлар йўлга қўйилган.

Бу борадаги ишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида атрофлича муҳокама қилинди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича соҳада тизимли ишларни ташкил этиш ҳамда 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларнинг бажарилиши юзасидан олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Таъкидланганидек, 21,8 минг километрдан ортиқ ичимлик, оқова сув тармоқлари ва 2 минг 851 та объект қурилиб, фойдаланишга топширилган. Халқаро молия институтларининг маблағлари ҳисобидан жами 1 594,1 км. ичимлик ҳамда 329,8 км. оқова сув тармоқлари ва иншоотларни қуриш ишлари амалга оширилган. Ҳозирги кунга қадар 117 шаҳар, 302 та шаҳарча бош режалари ва 1 минг 664 та қишлоқ аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатлари ишлаб чиқилган.

Шунингдек, 2030 йилгача ҳар йили ўртача 5 мингдан ортиқ кўп квартирали уйлар жорий ва мукаммал таъмирланади.

Йиғилишда ичимлик ва оқова сув тармоқларини кенгайтириш, уларни модернизация қилишни жадаллаштириш, шаҳарлар ва аҳоли пунктларида яшил ҳудудлар, истироҳат боғлари, болалар учун ўйин майдонларини кенгайтириш, кўп квартирали уйларни ўз вақтида таъмирлаш юзасидан фикрлар алмашилди.

Муҳтарама Комилова,

ЎзА