Ўзбекистонда Хитой технологиялари асосида ақлли синфлар очилади
Кейинги йилларда мамлакатимиз таълим тизимида рақамлаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Дарсларда фақат китоб ва дафтар эмас, балки замонавий рақамли ечимлар ҳам ўқувчиларга ёрдам берадиган давр бошланди.
Айниқса, ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги мулоқотни соддалаштирадиган, назоратни эса аниқ ва қулай шаклга келтирадиган технологияларга эҳтиёж тобора ортмоқда.
Бу жараёнда Хитой билан йўлга қўйилган янги ҳамкорлик лойиҳаси – ақлли синфларни яратиш ташаббуси ўз вақтида бошланган ва амалий натижа бериши кутилаётган долзарб қадам сифатида эътиборни тортмоқда.
Пекиндаги Ўзбекистон элчихонасида таълим технологияларини ривожлантиришга қаратилган навбатдаги муҳим ҳужжат имзоланди, дейилади Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги маълумотида. Хитойнинг “Чонгқинг Шулиан Тианхиа” компанияси ва Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандумга имзо чекди.

Келишув доирасида бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган. Энг аввало, 60 та сунъий интеллект камералари билан жиҳозланган ақлли синф яратиш бўйича пилот лойиҳа йўлга қўйилади. Ушбу синфлар ўқув жараёнини кузатиш, дарс самарадорлигини ошириш ва инновацион ёндашувларни татбиқ этишга хизмат қилади.
Ҳамкорлик таълим жараёнини модернизация қилиш, рақамли трансформация ва юқори технологиялар соҳасидаги кооперацияни ҳам ўз ичига олади. Хусусан, ақлли таълим, интеллектуал ишлаб чиқариш ва электрон саноат йўналишларида қўшма технологик ечимлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. Лойиҳа учун зарур бўлган техник таъминот – жиҳозлар, дастурий маҳсулотлар, ўрнатиш ва созлаш ишлари тўлиқ қамраб олинади.
Меморандумни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Севара Шoкирова ва “Чонгқинг Шулиан Тианхиа” компанияси халқаро бўлими раҳбари Ван Тсзийси имзолади.
М.ҲОЖИАКБАРОВА, ЎзА