Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Дубайда эътироф этилди

Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида “Суд бошқарувининг халқаро тенденциялари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) томонидан ташкил этилган халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари ҳам иштирок этди.

Олтмишдан зиёд давлатдан келган 300 нафарга яқин делегатлар иштирокида ўтган халқаро анжуманда суд бошқарувининг аҳамияти ва суд ишларини кўришда сунъий интеллектни жорий этиш масалалари муҳокама қилиниб, ўзаро тажриба алмашилди.

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши аъзолари Хуршид Содиқов, Ҳусниддин Камолов “Сунъий интеллектни бошқаришда халқаро стандартларнинг ўрни” мавзуида чиқиш қилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Ушбу соҳада эришилаётган ютуқлар тадбир иштирокчилари эътирофига сазовор бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) аъзолигига 2024 йилда қабул қилинган.

Норгул АБДУРАИМОВА,
ЎзА мухбири