Орол денгизининг гўзаллиги француз фотосуратчиси объективида

44

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ташаббуси билан Нукусда ўтказилаётган Франция маданияти ойлиги доирасида француз фотосуратчиси Эрик Гурланнинг «Орол денгизи: ёдгорлик ва унинг гўзаллиги» номли фотокўргазмаси бўлиб ўтмоқда.

– Бугун кўпчилик Орол денгизини экологик муаммолар орқали танийди ва билади. Лекин, мен бу сафар Оролни одамларга гўзал маскан сифатида кўрсатишга ҳаракат қилдим, – дейди Эрик Гурлан.

Кўргазмага 35 дона фотосуратлар қўйилган бўлиб, улар муаллиф томонидан 25 йил давомида тайёрланиб келинган. Энг муҳими, суратлар XX аср бошида хоразмлик фотограф Худойберди Девонов қўллаган эски фотография усулида, ўша даврга ўхшаш фотоаппаратда олинган.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, франциялик Эрик Гурлан 1968 йилда Франциянинг жанубида жойлашган Лунел шаҳрида туғилиб, 1990-93 йилларда Парижда жойлашган «Ceas de Hond» профессионал студиясида фотограф бўлиб ишлайди. Сўнгра 2000 йилгача Парижда профессор сифатида фоторепортаж, реклама, қора-оқ аналог фотобосма бўйича ёшларга таълим беради. 2000-2002 йилларда эса, мустақил фотосуратчи сифатида Болтиқбўйи, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон мамлакатларига саёҳат қилиб, бунинг натижасида «Одамлар ва манзаралар» асарини яратади.

Эрикнинг асарлари Франциядан ташқари, АҚШ, Россия, Австрия, Чехия, Индонезия, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Исроилда ўтказилган фотокўргазмаларга қўйилиб, қатор танловларда ғолиб деб топилган.

Хусусан, у 1996 йилда «Tetenal-Photographie,» 1998 йилда «Kodak-Professionnel,» 2003 йилда «Hasselblad,» 2010 йилда «Бағрикенглик ва очиқлик» фото танловларида ғолиб бўлган.

Франциялик фотосуратчининг кўргазмага қўйилган фотосуратларини 30 ноябргача келиб томоша қилишингиз мумкин.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси