Жамоат транспорти йўловчи учун қулай бўлиши керак

66

Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазирлигида вазирлик мутасаддилари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги режалар юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Транспорт вазири П.Каипбеков, Нукус халқаро аэропорти директори ўринбосари Қ.Нуратдинов, «Uzairways» вакили И.Қудайбергенов, Нукус темир йўл станцияси бошлиғи Б.Мустафаев, Транспортни ривожлантириш сектори бош мутахассиси М.Жийемуратов аҳоли сони йил саин кўпайиши натижасида жамоат транспортига бўлган талаб ҳам ортиб бораётганини таъкидлади. Шу боис аҳолига автотранспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш ва ҳаракат таркибини замонавий, экологик тоза микроавтобус ва автобуслар билан янгилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилгани айтилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда республикамизда жами 424 та йўналиш бўйича 2 минг 790 та жамоат транспорти ва 12 минг 121 та йўналишсиз таксилар хизмат кўрсатиб келмоқда. 1 минг 169 та аҳоли пункти транспорт хизматлари билан қамраб олинган бўлиб, жамоат транспорти билан қамров 99,2 фоизга етказилган. 2025 йил давомида 13 та автобус ва 16 та микроавтобус харид қилинган.

Брутто шартномаси – яъни «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонлари асосида йўловчи ташиш хизматини ташкил этиш мақсадида Нукус шаҳрида 15 автобус йўналишлари ташкил этилиб, бу йўналишларга йил якунига қадар 160 автобус олиб келиш режалаштирилган. «Баз Нукус Комплекс» корхонасига автобуслар сотиб олиш учун 10 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Яқинда «Сапсан транс Нукус» МЧЖ томонидан қарийб 11 миллиард сўмлик маблағлар ҳисобидан лизинг асосида Хитой давлатидан 13 дона замонавий автобуслар олиб келиниб, 7-А рақамли «Нукус савдо мажмуаси – Нукус шимоли-ғарбий автовокзали» йўналишига қўйилди.

Жорий йилда 12 та йўналиш ташкил этилиши режалаштирилган бўлиб, мавжуд йўналишларни оптималлаштириш орқали транспорт етиб бормаган 3 та аҳоли пункти қамраб олинади.  Бугунги кунда янги 5 та йўналиш ташкил этилиб, электрон тендер танловлари орқали ташувчиларга бириктирилди.

Қорақалпоғистон Республикасида 23 та автовокзал, автостанция ва 908 та автобус тўхташ бекати мавжуд. Шундан йил давомида Тўрткўл тумани автостанциясини ва Нукус автовокзали биносини реконструкция қилиш, автобуслараро 65 та бекатни таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. Нукус автовокзали биносини реконструкция қилиш ишлари давом эттирилмоқда. Республика ҳудудида 11 та автобус бекати янгидан қурилди.

Йил давомида Автомобиль ва сув транспортида назорат ҳудудий бўлими томонидан 500 дан ортиқ рейд тадбирлари ўтказилиб, 3 минг 588 та ҳуқуқбузарлик аниқланган ва 2 минг 400 га яқин ҳолатлар бўйича автотранспорт ҳайдовчиларига чора кўрилган.

Вазирлик томонидан автобусларга чиқинди фильтрларини ўрнатиш учун 10 минг доллар миқдоридаги халқаро грантга иштирок этиш учун ҳужжатлар топширилди. 7 та мактабга ва ногиронлиги бўлган болаларга грант ҳисобидан автобус ажратиш, шунингдек, Амударё тумани «Бўстон» ОФЙга грант ҳисобидан ичимлик суви олиб бориш бўйича концепциялар ишлаб чиқилиб, «Жаҳон банки,» «Осиё тараққиёт банки,» «Ислом тараққиёт банки»га тақдим этилди.

Ҳозирги вақтда республикада 2 минг 790 та жамоат транспорти воситасидан 1 минг 200 тасига GPS қурилмалари ўрнатилган. 91 йўналиш бўйича ҳаракатланувчи автотранспорт воситалари Қорақалпоғистон Республикаси «Йўловчи ташишни мониторинг қилиш ва назорат қилиш» давлат ташкилотининг автоматлаштирилган диспетчерлик бўлимига интеграция қилинган. Шунингдек, Нукус шаҳридаги 480 та автобус тўхташ жойи ва бекатлар давлат ташкилотининг IVMS платформасига киритилди.

Матбуот анжуманида ОАВ вакиллари томонидан жамоат транспортларининг бугунги кундаги ҳолати, йўналишларда ҳаракатланаётган транспорт воситаларининг йўловчи ташишдаги тартибсиз ҳаракати, автотураргоҳлардаги ҳолатлар, йўл нархларининг белгиланиши, йўналишлар қамраб олинмаган ҳудудларда аҳоли учун яратилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида берилган саволларга мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги