«Aral Vet Mission» Нукусда замонавий ветеринарияни янги босқичга кўтармоқда

70

Нукусда «Aral Vet Mission» ташаббуси доирасида бошланган амалий ҳамкорлик ветеринария соҳасида замонавий билим, халқаро тажриба ва илмий ёндашувларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида дастур доирасида амалий машғулотлар ва илмий семинар ўтказилди.

«Ҳаёт» нодавлат нотижорат ташкилоти, «Мушуккент» лойиҳаси, шунингдек, «Vitteria» ва «Appicena» компаниялари мутахассисларининг филиал директори А.Есимбетов билан учрашуви ўтказилди. Суҳбат давомида бўлажак семинарлар, стерилизация бўйича жарроҳлик амалиётлари, илмий маърузалар ва ўқув-услубий алмашинув масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланишича, мазкур ҳамкорлик маҳаллий ёш мутахассислар учун муҳим амалий мактаб бўлиб, соҳада янги илмий ёндашувларни шакллантиришга замин яратади. Учрашувдан сўнг меҳмонлар филиалнинг замонавий лабораторияси билан танишиб, шу ернинг ўзида дастлабки амалий машғулотларни бошлади. Машғулот давомида мушук ва итларни стерилизация қилиш жараёнининг асосий босқичлари – амалиёт хонасини тайёрлаш, хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш, жарроҳлик материалларини баҳолаш ва замонавий технологиялардан фойдаланиш бўйича амалий кўрсатмалар берилди.

Семинарда филиал профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар ва амалиётчи ветеринар мутахассислар иштирок этиб, замонавий жарроҳлик усуллари бўйича назарий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлади. Амалиётлар филиалнинг лаборатория бўлимида амалга оширилди. Тажрибали ветеринар жарроҳлар – М.Бадалов, Н.Рахимуллина ва А.Гладишевалар томонидан ўтказилган амалиётлар юқори даражада ташкил этилди. Улар ҳар бир жарроҳлик босқичининг илмий асослари ва амалий аҳамиятини изчил тушунтириб борди.

– Бу ерда талабаларнинг касбий билимга бўлган қизиқиши жуда юқори. Биз кўрсатаётган усуллар жарроҳлик маданиятини ошириб, бутун ҳудуд ветеринария тизимининг замон талабларига мос ривожланишига хизмат қилади, – дейди россиялик ветеринар мутахассис Алена Петроченко.

Ўтказилган семинар Қорақалпоғистон ветеринария тизими учун муҳим амалий майдон бўлиб, ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш, янги технологияларни жорий этиш ва соҳада илмий ёндашувни кучайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, ушбу ташаббус ҳайвонлар саломатлигини муҳофаза қилиш ва ветеринария хизматлари сифатини оширишда муҳим қадамдир. Aral Vet Mission» дастури 21 ноябрга қадар давом этади. Унинг доирасида илмий-техник маърузалар, жарроҳлик амалиётлари, янги усуллар бўйича тренинглар ва малака оширишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказилади.

Нукусда амалга оширилаётган ушбу ҳамкорлик лойиҳаси ветеринария соҳасида профессионал билим ва халқаро тажриба алмашишни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги