Табиат – ёшлар нигоҳида

Ўзбекистон Экологик партияси Нукус шаҳар Кенгаши томонидан «Баркамол авлод» республика болалар мактабида «Ёшлар ва табиат: кузги мавсумдаги муҳаббат» мавзусидаги видеороликлар танловининг якунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Унда партия фаоллари, депутатлар, «Баркамол авлод» республика болалар мактаби жамоаси, ёшлар иштирок этди.
Мазкур танлов «Ўйла, суратга-видеога ол, таъсир эт!» шиори остида ташкил этилиб, ёшларнинг экологик маданиятини ривожлантириш, табиатга меҳри ва масъулиятини оширишга қаратилган. Шунингдек, куз мавсумида атроф-муҳитни асрашга оид ижодий ёндашувларни рағбатлантириш ва ёшларнинг видеография орқали жамиятга таъсир кўрсатиш кўникмаларини ошириш танловнинг асосий вазифаларидан бири бўлди.
Танловга 27-31 октябрь кунлари старт берилиб, иштирокчилардан видеороликлар қабул қилинди, 5-10 ноябрь кунлари оралиғида ишчи гуруҳ томонидан сараланган энг яхши видеороликлар ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиб, улар бўйича «лайк» ва «кўришлар» йиғиш жараёни ташкил этилди.
Мукофотлаш жараёнида энг яхши ижодий ишларга дипломлар, эсдалик совғалари ва ташаккурномалар топширилди.
Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, бундай ташаббуслар ёшлар ўртасида экологик маданиятни кучайтиришга, табиатга эътиборни оширишга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда фаолликни таъминлашга хизмат қилади.
Тадбир якунида ёшлар, устозлар ва меҳмонлар томонидан куз мавсумининг ранг-баранг табиат манзаралари, экологик муаммоларга эътибор ва табиатга меҳр ҳақида фикрлар билдирилди.
Шу йўналишда Қорақалпоғистон Республикаси партия ташкилоти Кенгаши «Аёллар ва ёшлар» клуби томонидан ташкил этилган «Табиатни мен қандай кўраман» фото танлови муваффақиятли якунланди.
Тадбирда партия фаоллари, депутатлар, «Баркамол авлод» республика болалар мактаби жамоаси, «Ёш экологлар», танлов иштирокчилари иштирок этди.

Танлов ёшларнинг атроф-муҳитга оид ижодий ва шахсий қарашларини намойиш этишга, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали экологик ғояларни кенг тарғиб қилишга қаратилган. Танловга табиат, тоза муҳит, жонзотлар, ифлосланиш муаммоси ёки эко-турмуш тарзини акс эттирган фотосуратлар қабул қилинди. Улар партиянинг телеграмм орқали кенг ёритилиши, иштирокчиларнинг «лайк»лар орқали қўллаб-қувватланиши кўзда тутилган.
Танлов якунида энг яхши фотосуратлар, ғолиблар аниқланиб, иштирокчиларга эсдалик совғалари, дипломлар ва ташаккурномалар топширилди.
Тадбир «Баркамол авлод» республика болалар мактаби ўқувчилари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги