Давлат тилини ривожлантириш: Амалий қадамлар ва муаммолар

Бугунги кунда мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида давлат тилининг нуфузини янада ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни Ватанга муҳаббат, миллий урф-одат, анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, юртимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Давлат тилини ривожлантириш ва унинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада ошириш бўйича қабул қилинган муҳтарам Президентимизнинг фармон ва қарорлари бу борадаги чора-тадбирлар кўламини янги босқичларга кўтармоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан «Давлат тили тўғрисида»ги Қонуни, Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг давлат тилини янада ривожлантириш бўйича қарорлари ва кўрсатмаларини бажариш йўналишида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, иш юритиш тизимини тўлиқ давлат тилига ўтказиш бўйича турли соҳа ходимларининг иш юритиш бўйича билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш йўлга қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги 117-сонли қарорига мувофиқ, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлимида ҳар ойда тегишли соҳа мутахассислари ўқитилмоқда. Марказда шу кунгача 4000 дан ортиқ тингловчи ўз билимларини оширди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 октябрдаги «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 662-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, ўтган йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маслаҳатчиси томонидан 22 норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лингвистик экспертизадан ўтказилди.
«Давлат тили ҳақида»ги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги Қонун талаблари асосида ҳудуддаги географик объект номларини тартибга солиш борасида ҳам қатор ижобий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, 16 197 та кўча номлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Шундан, Амударё, Беруний, Бўзатов, Қонликўл, Мўйноқ, Тахиатош, Тахтакўпир ҳамда Шуманай туманларига тегишли 5910 та кўча номлари экспертиза хулосалари бўйича қонунга мувофиқ деб топилди ва сессия қарорлари билан тасдиқланиб, давлат реестри базасига киритилди. Қораўзак туманининг 787, Нукус туманининг 942, Хўжайли туманининг 1163, Чимбой туманининг 997, жами 3889 кўча номлари экспертизага юборилган бўлса, Нукус шаҳрининг 1614, Кегейли туманининг 1150, Қўнғирот туманининг 1445, Тўрткўл туманининг 847 ва Элликқалъа туманининг 1320, жами 6376 кўча номлари Кадастр агентлиги томонидан кўриб чиқилмоқда.
Ўтган йили автомобиль йўлларида ва аҳоли пунктларида давлат тилида, лотин ёзувига асосланган ўзбек ва қорақалпоқ алифбосида 111 дона, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан 43 дона, жами 154 дона йўл белгилари ва огоҳлантириш кўрсаткичлари ўрнатилди.
Қорақалпоқ тилини янада ривожлантириш борасида луғатлар, қўлланмалар, монографиялар тайёрлаш ва кўп нусхаларда чоп этиш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўтган йиллар давомида лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ тилида «Давлат тилида иш юритиш» амалий қўлланмаси 2000 нусхада нашр этилди. Шунингдек, «Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати» китобининг 7 жилдлиги кирилл алифбосида 7000 нусхада чоп этилган бўлса, шу кўп жилдликнинг лотин алифбосидаги 1-2-жилдлари нашрдан чиқарилди. Шунингдек, «Психологик терминларнинг изоҳли луғати,» «Қорақалпоқча-ўзбекча-қозоқча-туркманча-русча лингвистик терминлар луғати,» «Давлат тилида иш юритиш асослари,» «Қорақалпоғистондаги ўзбек шевалари этнографизмлари,» «Қорақалпоғистон Республикаси географик атамаларининг изоҳли луғати» китоблари нашр этилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда «Алишер Навоий ғазаллари,» «Бобурнома» «Ҳозирги замон ўзбек шеърияти,» шунингдек, Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар,» Эркин Воҳидовнинг «Дунёнинг ичи,» қирғиз халқининг «Манас,» Ш.Айтматовнинг «Плаха» асарлари қорақалпоқ тилига таржима қилинди. Шунингдек, «Plato» ва «Booky» МЧЖ томонидан «Кичкина шаҳзода,» К.Султоновнинг «Ажиниёз,» Ш.Айтматовнинг «Болалигим,» «Ажал ёстиғи» асарлари кўп нусхада китоб ҳолида нашр этилди.
Қорақалпоқ тилини рақамлаштириш, медиа маҳсулотларни, компьютер, мобил дастурлар ва бошқа электрон материалларни тайёрлаш бўйича ҳам бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, «Booky» қорақалпоқ тилидаги аудиокитоблар платформаси ва «Мутолаа» МЧЖ билан ҳамкорликда «Кичкина шаҳзода» китоби асосида ўзбек ва қорақалпоқ тилларида махсус фильм яратилди.
Давлат тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган самарали ишлар билан бирга қатор муаммолар ҳам учрамоқда.
Хусусан, республикамизда фаолият кўрсатаётган 907 тадбиркорлик субъектларида олиб борилган ўрганиш ишлари натижасида, 196 тадбиркорлик субъектлари биноларидаги пешлавҳа, реклама ва бошқа эълонларнинг, хабар матнларининг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига жавоб бермаслиги, яъни, рус ва инглиз тилларида ёзилган сўзлар ўрин олганлиги маълум бўлди.
2024 йилда Вазирлар Кенгаши томонидан 15 та вазирлик, 4 та қўмита, 18 та бошқарма ва 12 та олий таълим муассасасининг иш юритиш ҳужжатлари, эълонлар, хабарномалар матнларининг лотин ёзувига асосланган қорақалпоқ ва ўзбек алифбосини хатосиз ёзилганлиги бўйича 5 марта мақсадли ўрганиш ишлари олиб борилиб, натижада 295 хато-камчиликлар аниқланди. Шундан 214 таси тугатилди.
Шунингдек, яқинда вазирлик, идора, муассаса ва ташкилотларда «Давлат тили ҳақида»ги қонун ижросини таъминлаш мақсадида иш юритиш ҳужжатлари, ташқи ва ички ёзувлари ҳолати ишчи гуруҳ томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижаларига кўра, айрим вазирлик ва ташкилотлар томонидан шу кунга қадар бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан кўрсатилган хато-камчиликлар бартараф этилмай келмоқда.
Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўрганилганда, вазирликнинг кириш жойидаги номи, ташқи ва ички ёзувларида, шунингдек чиқиш хатларида 28, Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпанияси кириш жойидаги номи ҳамда чиқиш хатларида 23, Туризм бошқармасининг чиқиш хатларида 15, Маданият вазирлигининг чиқиш хатларида 18, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қўмитасининг чиқиш хатларида 23 та, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг эшикларига илиб қўйилган ёзувлар ҳамда чиқиш хатларида 32 та, Транспорт вазирлигининг чиқиш хатларида 17 та, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг чиқиш хатларида 21 та хато-камчиликлар мавжудлиги аниқланди.
Юқорида номлари кўрсатилган вазирлик, идора ва ташкилотлар раҳбарларидан «Давлат тили ҳақида»ги Қонун талабларини сўзсиз бажариш, йўл қўйилган хато-камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда бу борада уларнинг масъулиятини янада ошириш талаб этилади.
Тадбиркорлик субъектлари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади. Адлия вазирлигининг бизга берган маълумотида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 9 февралдаги 66-сонли қарори билан тасдиқланган «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги қонунга кўра, фирма номи танловда унинг бир хиллигини текшириш электрон ахборот тизимида автоматик тарзда амалга оширилади. «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 33-моддасига асосан, юридик шахс бўлган тадбиркорлик фаолияти субъекти фирма номига бўлган ҳуқуққа эга, бу номни у ўзи мустақил равишда белгилайди ва ўз ҳужжатларида кўрсатади, – дейилган. Демак, ушбу қонун ҳужжатлари бўйича тадбиркорлик субъектлари ўз фирмасига номни танлаш ва уни ўзи мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эга эканлиги, фақат базадаги номлар билан бир хил бўлиб қолмаслик шарти қўйилганлиги ойдинлашади.
Давлат хизматлари марказлари томонидан тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида «Давлат тили тўғрисида,» «Фирма номлари тўғрисида» ва «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги қонунлар талабларига риоя қилиш ҳақида тушунтириш ишлари ва тегишли тавсиялар бериб борилади. Лекин, шунга қарамай, кўпчилик ҳолатларда тадбиркорлик субъектлари томонидан фирмага ном қўйишда «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилмаслик ҳолатлари, натижада аҳолига маиший хизмат кўрсатиш жойлари, фирма ва савдо шохобчаларига миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган бошқа тилдаги номларнинг қўйилиш ҳолатлари учрамоқда.
Шу боис, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонунларга давлат тили тўғрисидаги қонун талабларидан келиб чиқиб, тегишли тартибда ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Чунки, номларнинг давлат тилида бўлиши, шунингдек, иш юритиш ҳужжатлари, ташқи ва ички ёзувлар, реклама ва эълонлар, хабарномалар матнларининг давлат тилида хатосиз ёзилиши, расмий ҳужжатларнинг лотин графикасига асосланган қорақалпоқ ва ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш – булар, биринчидан, давлат тилини ривожлантириш бўйича қабул қилинган Ҳурматли Президентимизнинг фармон ва қарорлари, шунингдек, Ҳукуматимизнинг бу борада берилаётган топшириқларини оғишмай бажариш эса, иккинчидан, бу вазифалар бизнинг ҳар биримизнинг она тилимизга бўлган ҳурматимизнинг асосий белгиси. Тилга бўлган ҳурмат-эътиборнинг халқимизга, миллатимизга ва Ватанимизнинг келажагига бўлган эътибор эканини чуқур англашимиз керак.
Хулоса қилиб айтганда, давлат тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш Департаментнинг асосий вазифаларидан бўлиб қолади.
Пердағалий Дабилов,
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг маслаҳатчиси-департамент бошлиғи, филология фанлари доктори.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги