“Барқарор экология ва глобал саломатлик: Қорақалпоғистон тиббиёт институти ва Корея университети ҳамкорлигининг янги босқичи”

Қорақалпоғистон тиббиёт институтида «Барқарор экология ва глобал саломатлик» мавзусига бағишланган халқаро симпозиум ўтказилди.
Ушбу муҳим илмий анжуман институт ва Корея университети ўртасидаги илмий ҳамкорлик доирасида ташкил этилди.
Симпозиумни Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг ўқув ишлари бўйича проректори Мурат Курбаназаров кириш сўзи билан очди ва сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида тузилган дипломатик келишувлар, уларнинг ижобий натижалари ҳақида сўзлаб берди.
Анжуманда Корея университети профессори Жевок Чой иштирок этиб, икки томонлама илмий алоқаларнинг бугунги натижалари ва истиқболлари ҳақида маълумот берди.
Симпозиумда республикамиз олимларидан ташқари, Корея университетининг 20 га яқин етакчи профессор-ўқитувчилари, магистрантлар, докторантлар ва талабалар иштирок этди.
Ўтказилган тадбир давомида экология ва соғлиқни сақлашга оид долзарб мавзуларда маърузалар тингланди.
Ушбу маърузаларда ичимлик суви сифати ва Оролбўйи чангининг саломатлик ва иқлимга таъсири, Кореядаги радонларни камайтириш технологиялари, Орол денгизи муҳитининг қўшни минтақаларга таъсири, шунингдек, соғлиқни сақлаш ҳамда инфекцияларни назорат қилиш тизимларининг қиёсий таҳлили илмий асосда ёритилди.
Шунингдек, симпозиум давомида Ўзбекистон ва Корея олимлари иқлим ўзгаришлари, экологик муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири бўйича ўзаро фикр алмашди.

Тадбир икки мамлакат олимларининг барқарор экология йўналишидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Симпозиум якунида институтнинг иқтидорли ёшлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.
Адилбай Оразов,Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси