“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ”: Давлат байроғи кунининг ёшлар тарбиясидаги аҳамияти

66

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикасининг «Давлат байроғи тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган кун муносабати билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ» ғояси остида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда университет профессор-ўқитувчилари, фаол талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси давлат мадҳиялари янгради.

Шундан сўнг, университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи Олимжон Дуйсенбаев сўзга чиқиб, давлат байроғининг мамлакатимиз ҳаётидаги ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. У ўз нутқида байроқ – бу оддий белги эмас, балки халқимизнинг тарихий хотираси, бугунги қудрати ва эртанги кунига бўлган ишончининг ёрқин ифодаси эканлигига тўхталди. Давлат байроғи халқаро майдонда Ўзбекистоннинг обрў-эътибори ва манфаатларини акс эттириб, мустақил мамлакат сифатида тан олинган мамлакатимизнинг тенг ҳуқуқли давлатлар қаторидаги ўрни ва нуфузини намоён этиши таъкидланди.

Шунингдек, у талаба-ёшларни давлат рамзларига ҳурмат руҳида яшашга, унинг аҳамиятини чуқур англашга, байроқ остида фидокорона меҳнат қилишга даъват этиб, ўтказилаётган ушбу байрам тадбири ана шундай тарбиявий мақсадларга хизмат қилишини айтиб ўтди.

Тадбир давомида талаба-ёшлар томонидан она-Ватанга, туғилган юртга муҳаббат туйғуларини уйғотувчи қўшиқлар ва саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ушбу кечага ўзгача завқ бағишлади.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси