Мобил алоқа хизматлари нархининг ошиши юзасидан Рақобат қўмитаси ўрганиш бошлади
Сўнгги пайтларда мамлакатимизда мобил алоқа операторлари томонидан тариф ва хизмат кўрсатиш нархларининг оширилиши ҳақидаги маълумотлар кенг жамоатчилик, айниқса, рақамли хизматлардан фаол фойдаланувчи аҳоли қатлами ўртасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бугунги кунда мобил интернет ва алоқа хизматлари нафақат шахсий мулоқот, балки таълим, бизнес, давлат хизматларидан фойдаланиш, онлайн тижорат, масофавий ишлаш ва ижтимоий фаолликнинг ажралмас қисмига айланди.
Шу муносабат билан мобил алоқа операторлари томонидан тарифларни ошириш юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганиш ишлари бошлангани маълум қилинди.

Қўмита мобил алоқа операторлари томонидан тарифларни ошириш ҳолатининг иқтисодий ва ҳуқуқий асосларини ўрганиш мақсадида жорий йил ноябрь ойининг бошларида операторларга тегишли тартибда сўровлар юборган.
Ҳозирги вақтда мобил алоқа операторлари томонидан хизматлар қамровини кенгайтириш, инфратузилмани яхшилаш, кўрсатилган инвестиция харажатлари ҳақида тақдим этилган маълумотлар Қўмита томонидан таҳлил қилинмоқда.
Ўрганиш натижасида агар мобил алоқа операторлари томонидан рақобатга зид ҳаракатлар, хусусан мувофиқлаштирилган жараёнлар ёки сунъий нарх ошириш ҳолатлари аниқланган тақдирда белгиланган тартибда текшириш ишлари ўтказилади ва қонунчиликка мувофиқ қатъий чоралар кўрилади.
Нигора Раҳмонова, ЎзА