Ўзбекистон – Афғонистон: 2026 йилда электр энергиясини етказиб бериш бўйича шартнома имзоланди

61

Ўзбекистонда энергетика соҳаси иқтисодий барқарорлик ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида ривожланиб бормоқда.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар минтақавий энергетик хавфсизликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Афғонистон билан ҳамкорлик бу жараёнда алоҳида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, икки давлат ўртасидаги иқтисодий боғлиқликни янада кучайтирмоқда.

Шу ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида Тошкентда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Афғонистоннинг “DABS” компанияси бош директори Абдул Бори Умар бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон энергетика компаниялари раҳбарлари ва масъуллари иштирок этди.

Учрашувда жорий йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги ҳамда Тошкентда ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқларида илгари сурилган ташаббуслар муҳокама қилинди. Хусусан, Афғонистон халқи фаровонлиги ва иқтисодиётини қўллаб-қувватлашга қаратилган ғоялар икки давлат ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаётгани таъкидланди.

Мулоқотда Афғонистон ҳудудида амалга оширилаётган юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари ва подстанциялар қурилиши бўйича ишлар кўриб чиқилди. Лойиҳаларнинг жорий ҳолати, техник ечимлари, амалга ошириш муддатлари ва ишларни тезлаштириш бўйича таклифлар ўрганилди. Ушбу йўналишдаги амалий қадамлар икки давлат учун стратегик аҳамият касб этиши қайд этилди.

Учрашув якунида 2026 йилда электр энергиясини етказиб бериш бўйича тегишли шартнома имзоланди. Мазкур ҳужжат энергетика соҳасидаги ўзаро шерикликни янада мустаҳкамлаб, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг амалий босқичга ўтганини англатади. Шу билан бирга, лойиҳаларнинг барқарор ривожланиши ва келгуси йилларда энергетик ҳамкорлик кўламини кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратилади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА