Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 34 йиллигига бағишланди

62

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 18 ноябрь – «Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунининг қабул қилинган куни ва бу санага 34 йил тўлиши муносабати билан «Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!» номли учрашув кечаси бўлиб ўтди.

Тантанали тадбир давлат мадҳиялари билан бошланди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси прокуратурасининг катта прокурори Р.Жалғасбаев, Адлия вазирлигининг ҳуқуқий ахборот сектори бош маслаҳатчиси М.Хожахметова, институтнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси мудири Е.Тилеўов, шунингдек, факультетлар деканатининг вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тюторлар ва талабалар иштирок этди.

Учрашувни институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қ.Қодиров олиб борди.

Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, бу йил давлат суверенитетининг рамзларидан бири бўлган мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи қабул қилинганига 34 йил тўлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрдаги навбатдан ташқари VII сессиясида тасдиқланган давлат байроғи ер юзида мустақил Ўзбекистон деган давлатнинг мавжудлигини англатади ва ўзида миллий-маданий анъаналарни мужассам этади.

Давлат рамзлари доимо муқаддас ва улуғ ҳисобланади. Чунки у халқнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган ватан рамзидир.

Учрашув кечасида ёшларимиз ўртасида давлатимиз байроғига бўлган ҳурматни янада оширишнинг аҳамияти, давлат рамзларидан қонуний равишда фойдаланиш қоидалари ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбир иштирокчилар билан фикр алмашиш ва савол-жавоблар билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги