Ўзбекистон “Марказий Осиё ва Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилмоқда
Қуйи палата мажлисида “Марказий Осиё ва Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
“Марказий Осиё ва Хитой” формати платформа шаклидаги давлатлараро тузилма ҳисобланиб, унинг котибиятига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан тегишли таъсис ҳужжатларини имзолаш орқали асос солинмоқда.
Таъкидланганидек, мазкур дипломатик мулоқот шакли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, ўзаро ҳурмат, ишончга асосланган кўп асрлик дўстлик ва шериклик ришталари ҳамда яқин алоқаларни ўрнатиш, амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилмоқда.

“Марказий Осиё ва Хитой” формати котибияти 2023 йил 19 майдаги ушбу формат иштирокчи давлатлари қабул қилган Сиань декларациясига мувофиқ ташкил этилмоқда. Котибият Форматнинг ижро органи ҳисобланади. Котибият Формат иштирокчи давлатларининг саммитлари ва ташқи ишлар вазирлари учрашувларини ташкилий, техник ва ахборот жиҳатдан таъминлашни амалга оширади.
Ушбу қонун лойиҳаси билан “Марказий Осиё ва Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш назарда тутилмоқда. Мазкур Низом муқаддима ва 4 та бўлимдан иборат. Ҳужжат билан Котибиятнинг вазифалари, ваколатлари, тузилиши ва таркиби, ҳуқуқи, мажбуриятлари ҳамда мақоми ҳуқуқий мустаҳкамланган.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши “Марказий Осиё ва Хитой” формати котибиятида Ўзбекистоннинг иштирокини таъминлаш, мазкур платформада минтақавий ташаббусларни муносиб илгари суриш, миллий манфаатларни муносиб ҳимоя қилиш имконини беради.
Мажлисда қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА