Бағрикенглик – тинчлик , тараққиёт, фаровонлик пойдевори

43

Ўзбекистoн Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Марказий Oсиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бўлиб ўтаётган шу кунларда Ватанимизнинг тинчлик, тараққиёт, ҳамжиҳатлик азалдан мустаҳкам қарор топган табаррук диёр экани яна бир бор намоён бўлмоқда. Бу жиҳатлар пойтахтимизда ташкил этилган «Ўзбекистон – бағрикенг диёр» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда ҳам алоҳида таъкидланди.

Мамлакатимизда ўтказилаётган «Бағрикенглик ҳафталиги» доирасида ташкил этилган ушбу конференция ишида турли диний конфессиялар, миллий маданий марказлар, дипломатик корпуслар, халқаро ташкилотларнинг вакиллари, олимлар, тадқиқотчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси Шайх Нуриддин Ҳолиқназар, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари, Ўзбекистон Халқаро исломшунослик академияси ректори  Музаффар Комилов ва бошқалар Ўзбекистонда миллатлараро ва диний конфессиялараро тотувлик, аҳиллик, ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича катта ва ибрат олишга арзийдиган тажриба тўпланганини эътироф этди.

–Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди, – деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев. – Бу шиддатли ривожланиш фаровонлик, миллатлар ва диний конфессиялар ўртасидаги аҳиллик ва тотувлик, дўстлик каби тамойилларга таянади. Мазкур йўналишда Ўзбекистон тўплаган ижобий тажрибани халқаро миқёсда оммалаштириш кутилган ижобий натижани бериши аниқ.

–Халқаро бағрикенглик куни бундан ўттиз йил илгари таъсис этилган, – деди Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази директори, академик Акмал Саидов. – Бағрикенглик халқимизнинг тарихий, маънавий, диний қадриятларини ўзида мужассам этади. Чунки бу диёрда бошқа миллат ва дин вакилларига доим бағрикенглик билан муносабатда бўлиб келинган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда кечаётган шиддатли янгиланиш жараёнларида бағрикенгликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш борасида улкан қадамлар қўйилди. Ўзбекистонда бағрикенгликнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бағрикенгликка оид муайян тизим, таълим тизими яратилди. Яна шуниси ҳам муҳимки, Ўзбекистоннинг бағрикенглик борасида тўплаган ижобий тажрибасини оммалаштириш муҳим.

– Дарҳақиқат, ушбу ҳафталик орқали Ўзбекистоннинг турли миллат ва диний конфессия вакиллари учун яратилган имкониятлари яна бир карра кўзга ташланмоқда, – деди Ўзбекистондаги Рим-католик маркази раҳбари Ежи Мацулевич. – Турли дин вакилларини ягона маърифий майдонга жамлаган ушбу конференция бағрикенглик соҳасидаги Ўзбекистон тажрибасини батафсил таҳлил этаётгани диққатга сазовор.

Анжуман бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатлик борасидаги  ишларни кенг тарғиб этишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. Шунингдек, анжуман давомида истиқболдаги вазифалар таҳлил қилинди, соҳа мутахассислари, халқаро ва маҳаллий экспертларнинг фикр-мулоҳазалари эшитилди. Бу борадаги фаолият самарадорлиги ва уни янада ривожлантириш йўллари муҳокама қилинди.

Конференция ўз ишини бир неча шўъбаларда давом эттирди. Ҳар бир шўъбада диний бағрикенглик, ижтимоий барқарорлик, таълим ва маънавий-маърифий жараёнларга оид долзарб мавзулар атрофлича муҳокама қилинди.

«Динлараро мулоқот ва бағрикенгликни таъминлашда Янги Ўзбекистон ва жаҳон тажрибаси» шўъбасида мутахассислар Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ва уларнинг халқаро майдондаги аҳамияти бўйича фикр алмашди.

«Конфессиялар ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги ҳамкорлик» шўъбасида асосан диний конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат ва ишончни мустаҳкамлашнинг самарали механизмлари, миллий маданий марказларнинг тотувлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги роли, маданиятлараро мулоқотнинг цивилизациялар ўртасидаги яқинлашувда тутган ўрни, жамоатчилик ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

«Таълим ва маърифат – динлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлашнинг асоси» шўъбасида ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни шакллантиришнинг таълимий асослари, экстремизм ва радикализмга қарши курашда маърифатнинг ўрни, олий ва ўрта таълим муассасалари ўртасидаги илмий-маърифий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.

Мутахассислар таълимнинг барқарор тараққиёт ва жамиятда тотувликни мустаҳкамлашдаги ҳал қилувчи ўрни ҳақида фикр юритдилар.

Дарҳақиқат, бугунги мураккаб глобал вазиятда бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам муҳим вазифа.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Руслан Давлетов сўзга чиқди.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири