«INFOLIB O‘ZBEKISTON-2025» XIV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги якунланди

Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказида «INFOLIB O‘ZBEKISTON-2025» XIV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги ўз якунига етди.
Бу йилги ҳафталик бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ахборот-кутубхона марказларида ташкил этилиб, соҳада фаолият юритаётган мутахассислар учун тажриба алмашиш, янги билимлар олиш ва касбий малакаларини ошириш майдонига айланди.
Ҳафталик Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида белгиланган 72-мақсад доирасида ташкил этилган бўлиб, аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, китобхонликни оммалаштириш ва «Китобсевар миллат» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилди.
– Ҳафталик доирасида «Бетгерхонлик – 2025» илмий конференцияси, «Edo.ijro.uz тизими ҳақида асосий тушунчалар ва ундан қандай фойдаланиш усуллари,» «Сунъий интеллект орқали юқори марралар сари» мавзусида семинар-тренинглар, «Китоб – тафаккур гавҳари, кутубхона – тафаккур хазинаси» мавзусида давра суҳбати, «Кутубхона маркетингида визуал коммуникация ва дизайннинг ўрни,» «IFLA Грантлари: ёш кутубхоначилар учун халқаро тажриба алмашиш имконияти» каби дарслар ўтказилди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона маркази бошлиғининг ўринбосари Зибагул Сапарова. – Шунингдек, ёзувчи, олим, журналист Алланазар Абдиевнинг «Қадимги қорақалпоқлар» номли китоб тақдимоти, адабий кечалар, «Заковат» интеллектуал ўйинлари, кутубхоналарга саёҳатлар китобхон ёшларда катта таассурот қолдирди. Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот-кутубхона марказида 2025 йил 10-14 ноябрь кунлари оралиғида ўтказилган ҳафталик доирасида 19 тадбир ташкил этилиб, тадбирда 1260 дан ортиқ китобхонлар қатнашди.

Ҳафталик давомида кутубхона соҳасига оид илмий-ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари, давра суҳбатлари ва китоб кўргазмалари ҳам ўтказилди.
Тадбирлар кутубхоначиларнинг билимини бойитиш, уларнинг ижодий ғояларини қўллаб-қувватлаш ва ёш авлодда китоб мутолаасига қизиқишни янада кучайтиришга қаратилган. Ҳафталик якунида соҳа ривожига ҳисса қўшган ижодкорлар, мутахассислар ва ташкилотлар Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона томонидан тақдирланди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги