Психологик қўллаб-қувватлаш – яширин иқтидорларни уйғотувчи куч
Ҳозирги кунда рақамли технологиялар ривожланган даврда таълим тизимига қўйилган талаб ва стандартлар ҳам мураккаблашиб бормоқда. Эндиликда мактаб ёки олий таълим муассасасининг вазифаси фақат билим бериш билангина чегараланиб қолмай, ўқувчининг психологик етуклиги, эмоционал барқарорлиги, ижтимоий мослашуви ва руҳий саломатлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратмоқда.
Ривожланган давлатларда ўқувчи шахс сифатида марказга қўйилади. Унинг кайфияти, ўзига бўлган ишончи, ўзини жамиятда бошқара олиш қобилияти таълим жараёнининг ажралмас қисмига айланган. Масалан, дунёнинг етакчи таълим даргоҳларидан бўлган Гарвард, Стандфорд, Глазго университетларида махсус психологик қўллаб-қувватлаш хоналари, индивидуал маслаҳат тизими ва ўқувчининг руҳий ҳолатини кузатиш амалиёти самарали йўлга қўйилган. Бундай ёндашув нафақат стрессни камайтиради, балки ўқувчиларнинг ички салоҳиятини очишда муҳим омил бўлади.
Бугунги жамиятда ижтимоий-эмоционал таълим алоҳида йўналиш сифатида қайд этилаётгани бежиз эмас. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ўз ҳис-туйғуларини бошқара олган, руҳий барқарорликка эга бўлган, ўз фикрини аниқ ифодалай оладиган, бошқалар билан соғлом мулоқот қила оладиган шахс ижтимоий ва касбий жиҳатдан тезроқ муваффақиятга эришади. Бундан хулоса қилиш мумкинки, таълим тизимида психологик қўллаб-қувватлаш шахс ривожининг ажралмас воситаси.
Сўнгги йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлар таъсири натижасида ёшлар орасида ўзини таққослаш, бошқаларнинг ютуғига ҳаддан ташқари эътибор бериш ҳолати кескин кучайди. Тармоқларда кўрсатилаётган “муваффақият андозалари” кўп ҳолларда “сунъий” бўлса-да, ёш онг бу тасвирларни реал ҳаёт каби қабул қилади. Натижада ҳали йўлни бошламасдан, ўзининг имкониятларини синаб кўрмасдан туриб, ўзини омадсиз, ортда қолган, ҳеч нарсага ярамайдиган инсон сифатида қабул қилади. Бу эса шахснинг руҳий ҳолатига бевосита салбий таъсир кўрсатади.
Шу сабабли, ривожланган давлатларда таълим муассасалари психологик хизматни асосий йўналишлардан бирига айлантирган. Психологлар ўқувчилар билан мунтазам суҳбатлар олиб боради, стрессни камайтириш бўйича тренинглар ташкил этади, ўқувчини ўзини англаш, ўз қобилиятини аниқлаш ва мақсадли йўналтиришга кўмак беради. Айниқса, ёшлар орасида кенг тарқалган ўзига ишончсизлик, ижтимоий қўрқув, муваффақиятсизликдан чўчиш каби муаммоларни бартараф этишда психология фанининг ўрни беқиёс.
Мамлакатимизда ҳам ўрта ва олий таълим муассасаларида ўқувчилар учун психологик хизматлар жорий этилган. Ҳозирда психологлар ўқувчиларни нафақат эмоционал қўллаб-қувватлаш, балки уларнинг касбга йўналтирилиши, уларнинг шахсий ривожи ва ижтимоий мослашуви бўйича ҳам фаолият юритмоқда.
Таълим жараёнини ижтимоий-эмоционал кўникмаларга асослаб қуриш нафақат лидерлик қобилиятига эга ёшларда, балки бошқаларда ҳам яширин истеъдодларни кашф этишга ёрдам беради. Чунки кўп ҳолларда истеъдоднинг очилмай қолишига билим етишмаслиги эмас, балки қўрқув, ўзига нисбатан паст баҳо, хато қилишдан уялиш каби психологик тўсиқлар сабаб бўлади. Руҳий барқарорлик эса ижодкорликнинг бош калитидир.
Яна бир муҳим жиҳат, жамиятнинг эртанги куни бугунги ёшлар қўлида. Улар фақат академик билимлар билан эмас, балки руҳий жиҳатдан соғлом, ижтимоий босимларга қарши тура оладиган, ўз йўлини топишга қодир инсонлар сифатида вояга етиши муҳим. Бу эса ўқитувчи, психолог, ота-она ва жамиятнинг умумий ҳамкорлиги натижасида амалга ошади.
Хулоса қилиб айтганда, замонавий таълим тизимининг муваффақияти ўқувчиларнинг руҳий ҳолатини қанчалик эътиборга олиш билан чамбарчас боғлиқ. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, психологик қўллаб-қувватлаш тизими кучли бўлган муассасаларда ўқувчиларнинг таълимга бўлган қизиқиши юқори, стресс даражаси паст ва мотивация барқарор бўлади. Ижтимоий-эмоционал таълимни тизимли йўлга қўйиш эса ёшларнинг яширин имкониятларини очишга, уларни эртанги куннинг рақобатбардош мутахассисига айлантиришга хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА