Тўртинчи марта нашр этилган китоблар

40

Китоб янгилиги

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Муратбай Низановнинг «Ошиқ бўлмаган ким бор» романи, «Ақчагул» қиссаси қайта нашрдан чиқди. Шунингдек, Иккинчи жаҳон уруши даврида бир азаматнинг бошидан ўтган қийинчиликлар, юз берган воқеалар акс этган янги «Қайтиш» қиссаси чоп этилди.

М.Низановнинг шу кунгача 20 дан ортиқ китоблари нашрдан чиққан.

Муаллифнинг «Ошиқ бўлмаган ким бор» романида Исмоил билан Хонзоданинг бутун умр бир-бирини севиши, ҳаттоки, икки ошиқнинг бири дунёдан ўтса ҳам сўнмаган муҳаббати ишончли воқеалар билан акс эттирилади. Асар қорақалпоқ, ўзбек тилларида бир неча бор нашр этилган бўлса-да, унинг мухлислари тобора ортиб бормоқда. Ушбу нашр ҳам кўп сонли китобхонларнинг саволлари бўйича тўртинчи бор нашрдан чиқди.

«Ақчагул» муаллифнинг реалистик асарларидан бири бўлиб, ўтган йиллар давомида бу асар қорақалпоқ, ўзбек тилларида бир неча бор қайта нашр этилган. 2019 йили татар тилида нашр этилди. Яқин вақтларда турк тилида нашр этилиши кутилмоқда. Ушбу китоб ҳам тўртинчи бор нашр юзини кўрмоқда.

Иккинчи жаҳон уруши ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Муаллифнинг янги китоби – «Қайтиш» қиссасида ўша жанг туфайли ўз элидан, севимли ёридан айрилган, айниқса, бегуноҳ «сотқин» номини кўтаришга мажбур бўлган бир фуқаронинг ватан соғинчи чуқур драматизм билан акс эттирилади.

Ўйлаймизки, бу китоблар сизнинг севимли асарларингизга айланади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги