«Фуқаролик жамияти-2030: ижтимоий ислоҳотлар давом этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 26 августдаги «Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳар йили «Фуқаролик жамияти ҳафталиги»ни ўтказиш назарда тутилган.
Мақсад – Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни миллий ва халқаро ҳамжамиятга етказиш, мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг келажагини таҳлил қилиш, шунингдек, уларнинг мамлакатимиз тараққиёти йўлида олиб бораётган ишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.
Нукус шаҳрида «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» доирасида фуқаролик жамияти институтлари билан очиқ мулоқот, жамоатчилик муҳокамаси тадбирлари бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Ш.Ўтемисов, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фонди бўлим бошлиғи З.Ибрагимова, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Э.Турсунов, Олий Мажлис ҳузуридаги Жамоат фондининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи П.Турдимуратов, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирни «Юксалиш» ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Т.Романов очди ва олиб борди.

Фуқаролик жамияти институтлари (нодавлат нотижорат ташкилотлари) мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни барча соҳаларда янада жадаллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, соғлиқни мустаҳкамлаш, экологик муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш ҳамда фуқароларнинг тиббий, ҳуқуқий билимларини ошириш ва бошқа бир қатор эзгу ишларда фаол иштирок этмоқда.
«Фуқаролик жамияти ҳафталиги» ислоҳотлар жараёнларининг барча иштирокчилари учун конструктив мулоқот-мулоқот майдони бўлиб, уларнинг ишларини бирлаштиришга, Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга хизмат қилади.
Тадбирда сўзга чиққанлар ва маърузачи спикерлар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янада ривожлантириш, такомиллаштиришда соҳада қилинаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди. 2021-2025 йилларга мўлжалланган фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси натижалари ҳамда 2026-2030 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясига таклифлар киритиш юзасидан фикр алмашилди.
Таъкидланганидек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясига асосан Нукус шаҳрида «Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи» ташкил этилди. Унга нодавлат нотижорат ташкилотлари жойлаштирилиб, моддий-техник шароитлари яхшиланди. Шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари учун ахборот-ресурс маркази ташкил этилди. Уларнинг раҳбарларини Давлат бошқаруви академиясида қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари ташкил этилди. Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклида қўллаб-қувватлаш кўлами оширилди.
Шунингдек, «Ўзбекистон – 2030» стратегияси доирасида ҳар йили қабул қилинадиган давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши бўйича фуқаролик жамияти институтлари томонидан жамоатчилик назорати, яъни жамоатчилик мониторинглари ва жамоатчилик эшитувлари, тингловлар олиб борилмоқда.
– Кейинги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқий кафолатларини таъминлайдиган, замонавий демократик талаблар ва халқаро стандартларга жавоб берадиган норматив-ҳуқуқий база яратилди. Жумладан, бу борада 20 дан ортиқ Қонун, Президент ҳужжатлари ва Ҳукумат қарорлари қабул қилинди, – дейди Т.Романов.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш, унинг институтларини давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш соҳасида ташкилий-ҳуқуқий асослар ва давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари такомиллаштирилди.
Янги Ўзбекистон шароитида фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган «2026-2030 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Ўзбекистонда 2026-2030 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси мамлакатда фуқаролик жамияти институтларининг ролини кучайтириш, давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, фуқароларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган.
Концепция лойиҳаси «юқоридан қуйига» эмас, балки «қуйидан юқорига» тамойили асосида, бевосита жойлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоатчилик фаоллари, экспертлар ва фуқароларнинг таклифларини умумлаштирган ҳолда шакллантиришни назарда тутади.
Тадбирда иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандуми қабул қилинди ва «Фуқаролик жамияти ҳафталиги» Форумининг Республика босқичида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги