Тошкентлик профессор-ўқитувчилар ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашмоқда

35

Бугун Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Нодирбек Сайфуллаев бошчилигидаги профессор-ўқитувчилар институтнинг Нукус филиалига хизмат сафари билан келди.

Меҳмонларни Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири А.Аяпов, филиал директори вазифасини бажарувчи Қ.Юсупов, профессор-ўқитувчилар аъзолари самимий кутиб олди.

Тадбирда филиалнинг ўқув жараёни сифати, маънавий-маърифий ишларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ва илмий салоҳиятни янада юксалтириш лозимлиги, ёшларни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, илм-фан ва санъатга йўналтириш бўйича турли лойиҳа ва ташаббусларни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Ўтказилган тадбир давомида Н.Сайфуллаев филиалнинг профессор-ўқитувчилари билан ҳам ўқув муассасасида ўқув-услубий ва дуал таълим дастурини йўлга қўйиш, маънавий-маърифий, илмий-ижодий ишларни янада жадаллаштириш, халқаро ҳамкорлик ишлари, шунингдек, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўзаро фикрлашиб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Учрашув якунида халқ ижодиёти кафедраси ўқитувчиси З.Юлдашева ва кутубхоначилик иши кафедраси ўқитувчиси Д.Айтимоваларга Олий аттестация комиссиясининг доцентлик дипломлари топширилди ва уларнинг илмий ишларида муваффақиятлар тилади.

Айни пайтда тошкентлик профессор-ўқитувчилар филиал талаба-ёшларини методик қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳорат дарслари ўтмоқда. Албатта, бундай ўзаро мулоқот ва маҳорат дарслари филиал профессор-ўқитувчиларининг педагогик иш тажрибаси ортиши, талаба-ёшларнинг билимлари юксалишига ўз самарасини беради деб ўйлаймиз.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси