Кибержиноятлар учун жазо турлари оғирлаштирилади

42

Ҳуқуқий муносабат

Бугунги кунда кибержиноят дунёдаги энг жиддий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Юртимизда рўйхатга олинган жиноятларнинг 42 фоизи айнан кибержиноятга оидлиги ачинарли, албатта. Бу ҳолат эса ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича кадрлар тайёрлашни кенгайтириш ва инфратузилмани ривожлантиришни талаб этади.

Кибержиноятнинг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар хусусида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Сабоҳат Абдуллаева қуйидагиларни маълум қилди.

–Ўзбекистонда кибержиноят, жумладан, ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини кучайтириш мақсадида муҳим қарор қабул қилинди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишни кўзда тутади.

Қарорга мувофиқ, Ички ишлар вазирлиги кибержиноятларга қарши курашиш соҳасида масъул ва ваколатли орган этиб белгиланди. Шу билан бирга, давлат идоралари, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига киберхавфсизликни таъминлаш ҳамда аҳоли ўртасида кибермаданиятни ошириш бўйича аниқ мажбуриятлар юклатилди.

Қарорда қуйидаги устувор вазифалар белгиланди. Жумладан, кибержиноятларнинг олдини олиш бўйича ягона амалий тизимни йўлга қўйиш, “Ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилаётган жиноятларга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этмаганлик учун жавобгарликни кучайтириш ҳамда банклар ва тўлов ташкилотларидаги киберҳимоя тизимларини интеграция қилиш ва антифрод тизимини жорий этиш кабилар.

Шунингдек, қарорга кўра, ҳар ой якунида киберхавфсизликда заифликларга йўл қўйган банклар ва тўлов ташкилотлари рўйхати оммага эълон қилинади. Бу тизим орқали фуқаролар ўз маблағлари хавфсизлигини баҳолаш имконига эга бўлади.

Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, “Кибермаданиятни юксалтириш ойлиги”ни жорий этиш, яъни ҳар йили ноябрь ойида мамлакат миқёсида аҳоли ўртасида ахборот хавфсизлиги маданиятини оширишга қаратилган тарғибот дастурлари амалга оширилади.

Мутахассислар таъкидлашича, мазкур қарор нафақат жиноятларга қарши курашиш самарадорлигини оширади, балки аҳолининг рақамли саводхонлиги ва кибергигиенаси даражасини ҳам юксалтиришга хизмат қилади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА