Европа бўйлаб “18+ текшируви”: Қайси давлатлар чеклов жорий қилди?

36

Европада болаларни интернетдаги зарарли контентдан ҳимоя қилиш мақсадида кўрилаётган кескин чоралар кучаймоқда. Италия яқинда беҳаё сайтлар учун мажбурий ёш чегаралаш тизимини жорий қилди.

Энди фойдаланувчилар ҳар гал 18 ёшдан ошганини тасдиқловчи ҳукумат ID ҳужжатини учинчи томон хизмати орқали юклаши керак. Бу кўҳна қитъада рақамли хавфсизлик бўйича жиддий ислоҳотлардан биридир.

Франция ҳам айни йўналишда жиддий қарорлар қабул қилган. Ножоиз сайтларга 18 ёшдан кичик ўсмирларни киритган провайдерлар юз минглаб евро жаримага тортилиши, сайт ёпилиши ва ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши каби жазоларга дучор бўлади. Шунга қарамай, айрим текширув хизматлари маълумотни бошқа компанияларга узатаётгани ёки осонгина четлаб ўтилиши мумкинлиги аниқланган.

Испания эса зарур контентни фильтрловчи ва ёшни аниқловчи рақамли идентификация тизимини жорий қилмоқда. Миллий полиция томонидан ишлаб чиқилган янги илова реал вақт режимида ёшни текширади. Шунга қарамай, давлатнинг кенгроқ рақамли идентитет лойиҳаси ҳозирча маълумотни ҳимоя қилиш қоидаси туфайли тўхтатилган.

ГФР шунчаки “Мен 18 ёшдаман” деган тасдиқни қабул қилмаяпти. Мамлакатда рақамли идентификация, ота-она томонидан бошқариладиган фильтрлаш тизими ва ҳар бир платформада ёшларни ҳимоя қилиш бўйича масъул зобит бўлиши талаб этилади. Судлар айрим сайтларни болалар хавфсизлиги билан боғлиқ талабни қасддан бузишда айблаб, уларни кескин танқид қилган.

Европа Иттифоқи эса ҳозир ягона, махфийликни таъминловчи ва шахсий маълумотни ошкор қилмаган ҳолда ёшни тасдиқлай оладиган умумий тизим устида ишламоқда. Бу механизм барча давлатларда 2026 йил охиригача жорий этилиши режалаштирилган. Шу тариқа Европа интернетда вояга етмаганларни ҳимоя қилиш бўйича умумий, қатъий ва интеграциялашган сиёсат сари қадам қўймоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА