Бугун юртимизда таҳсил олаётган талабалар 1,5 миллион нафардан ошди

17 ноябрь — Халқаро талабалар куни
Мамлакатимизда кейинги йилларда олий таълим тизимини ривожлантириш, ёшлар учун кенг имконият ва зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Натижада олий ўқув юртлари қамрови кенгайиб, жаҳон стандартларига муносиб таълим жараёнлари шаклланди.
Юртимизда ОТМлар сони 8 йил ичида 77 тадан 205 тага етди (101 та давлат, 31 та хорижий ва 73 та нодавлат). Талабалар сони 2017 йилдаги 279 минг нафардан бугунги кунда 1,5 миллион нафардан ошди. Бу — мамлакат аҳолисининг қарийб 4 фоизини ташкил этади. Талабалар республикамиздаги 205 та олий таълим муассасасида билим олмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон ОТМларида 16 597 нафар хорижий талаба таҳсил олмоқда, уларнинг 11 минг нафардан ортиғи тиббиёт йўналишида ўқийди.
Бугун, 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни.
Эслатиб ўтамиз, бу кун 1946 йилдан буён кенг нишонланиш бошланган. Байрам чехиялик ватанпарвар талабаларнинг хотирасига бағишланиб жорий қилинган. 1946 йил 17 ноябрь куни Прага шаҳрида бутун дунё талабалар конгрессида тасдиқланган.
А.РУСТАМОВ, ЎзА