Туркманистон вазири: Қўшма лойиҳалар халқларимизни яқинлаштирмоқда

Туркманистон маданият вазири Отагелди Шомуродов бугунги глобаллашув шароитида маданият нафақат халқнинг руҳий мероси, балки давлатлар ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамловчи энг кучли восита экани, мамлакатларимиз ўртасидаги маданий алоқалар жадал ривожланиши айнан шу тамойилларга таянишини таъкидлади. Шунингдек, давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона мулоқот, олий даражали учрашувлар ва стратегик қарашлар маданий ҳамкорликнинг мустаҳкам пойдеворини яратганига урғу берди. Айни сиёсий ишонч маданият соҳасидаги қўшма ташаббуслар кенгайишига кучли туртки бермоқда.
– Бугунги кунда ижодий алмашинув дастурлари, концерт, спектакль, кўргазма, адабий учрашув ва маданият кунлари икки халқни яқинлаштирувчи энг самарали платформаларга айланган, – дейди расмий. – Айни тадбирлар нафақат расмий доира, балки кенг жамоатчилик томонидан ҳам илиқ кутиб олиняпти. Ўзбекистон ва Туркманистонда ташкил қилинаётган маданият кунлари ёш авлодда миллий санъатга ҳурмат туйғусини шакллантириб, ижодкорлар ўртасидаги устоз-шогирд анъанасини янги босқичга олиб чиқмоқда. Халқаро форумлар эса минтақа маданий дипломатиясини ривожлантиришга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Айниқса қўшма лойиҳалар кенг жамоатчилик учун ўзига хос воқеага айланиб, дўстлигимиз мустаҳкамлигидан далолат бермоқда. Маданият нафақат ўтмишни асраш, балки келажакни барпо этиш ҳам. Демак, маданий яқинлигимиз бугун мустаҳкам, эртага янада кенг кўламли бўлишига ишонамиз. Бизнинг вазифамиз – шу жипсликни изчил давом эттириш.
Мусулмон Зиё, ЎзА