Тожикистон вазири: Ўзбекистон – санъат ва мероснинг минтақавий пойтахти

41

Тожикистон Республикаси маданият вазири Матлубахон Амонзода сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги маданий ҳамкорлик мисли кўрилмаган даражада фаоллашгани, бу жараён икки давлат раҳбарларининг оқилона сиёсати, ўзаро ҳурмат ва тарихий яқинликка содиқлиги натижаси эканини қайд этди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари минтақадаги маданий алмашинувни янги босқичга олиб чиқди. “Шарқ тароналари”, “Халқаро мақом санъати фестивали” каби йирик анжуманлар халқаро даражада тобора кенг эътибор қозониб, ёш авлоднинг миллий санъатга қизиқишини кучайтирмоқда. Ўзбек мақоми, мумтоз адабиёти ва оғзаки ижоди минтақа маданий хазинасининг бебаҳо бойлигидир. Тожик ва ўзбек халқлари мусиқаси орасидаги уйғунлик, оҳангдаги яқинлик тарихий илдизларимиз бирлигининг яққол исботи.

Амонзода мақомнинг руҳий ва маънавий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, ушбу санъатни халқнинг тарихи, қалб кечинмаси ва ҳаёт фалсафасининг нозик ифодаси сифатида баҳолади:

Бугунги кунда санъаткорларимиз, ижодий жамоалари ўртасида фаол мулоқот йўлга қўйилган. Қўшма лойиҳалар, театр ҳафталиклари, маданият кунлари икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаб, маданий мулоқотга янги суръат бахш этмоқда. Мамлакатингизда маданият соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллий меросни асраш ва дунё миқёсида тарғиб қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга лойиқ. Умуман, маданият халқларни бирлаштирувчи энг қудратли кўприкдир. Ўзбекистон ушбу кўприкни янгича руҳ, замонавий ёндашув билан қурмоқда. Бу эса бутун минтақамиз маънавий юксалишига хизмат қилмоқда.

Мусулмон Зиё, ЎзА