Қозоғистон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 14 ноябрь куни давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Қозоғистон етакчисини Президентимиз Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Қосим-Жомарт Тоқаев мамлакатимизга келгач, давлат раҳбарлари “Тошкент-Ҳумо” халқаро аэропортида суҳбат ўтказдилар.
Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.


Олий мартабали меҳмон шарафига икки давлат байроқлари кўтарилди, фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради.
Президентлар Қосим-Жомарт Тоқаев ва Шавкат Мирзиёев фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Ташриф дастурига мувофиқ, 15 ноябрь куни, олий даражадаги музокаралар ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Саммит доирасида йирик қўшма лойиҳалар ишга туширилиши ва икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда.
ЎзА