Аякўз жаҳон кубогининг кумуш медалини қўлга киритди

Тошкент шаҳрида қиличбозлик спортининг сабля тури бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон кубоги бўлиб ўтди.
Унда яккалик беллашувларда 89 спортчи мусобақа ғолиблиги учун ўзаро беллашувларга тушди. Қувонарлиси, ушбу беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, ҳамюртимиз Аякўз Жумамуратова ўзининг маҳорати ва ажойиб техникаси билан кўпчиликни ҳайратга солиб, мусобақанинг финалига қадар етиб келди.

Кубокнинг финал баҳси эса нейтрал байроқ остида чиққан Карина Талладага қарши жуда қизиқарли ўтиб, спортчилар ҳар бир очко учун кескин тарзда кураш олиб борди ва беллашув 15:14 ҳисоби билан якунланди.
Шу тариқа, ушбу мусобақада ҳамюртимиз иккинчи ўрин билан чекланишга мажбур бўлди ва жаҳон кубогининг кумуш медали соҳибига айланди.
Спортчимизнинг эришган бу катта муваффақияти билан табриклаб, келгуси мусобақаларда юқори натижаларга эришишига тилакдошмиз.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси