Миллий чолғулар устасини хотирлаб…

85

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, педагог, миллий чолғулар устаси ва созанда Азатбай Отарбаевнинг 65 йиллик юбилейига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Б.Аллаков ва театр директори П.Мамутов сўзга чиқиб, устознинг мазмунли ҳаёт йўли, ижодий изланишлари ва маданият ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида ўз фикрларини билдирди.

Таъкидланганидек, Азатбай Отарбаев қорақалпоқ маданияти, мусиқа ва санъатининг ёрқин сиймоси бўлиб, миллий чолғуларимизнинг аниқ кўринишида бугунги кунгача етиб келишида катта хизмат қилган устоз. У ўзининг фидойилиги, маҳорати ва оҳанглари билан кўплаб шогирдларининг қалбида из қолдирган. Унинг йиллар давомида яратган куй-қўшиқлари, санъатга бўлган садоқати ва устозлик мактаби бугун ҳам давом этиб, ёш авлод учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

– Қорақалпоқ халқининг қадимий чолғу асбобларини қайта тиклашда А.Отарбаев самарали меҳнат қилди. Устознинг ҳаёти – бу изланиш, фидойилик ва самимий ижоднинг ёрқин намунасидир, – дейди Ўзбекистон халқ бахшиси Ғайрат Ўтемуратов. – Бугунги тадбир унинг 65 йиллик меҳнат фаолиятига бўлган ҳурмат-эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.

Хотира кечаси давомида Озодбой Ўтарбоевнинг санъатга қўшган ҳиссаси яна бир бор қадрлаб ёдга олинди. Хотира кечасида театр ансамбли, таниқли санъаткорлар томонидан унинг асарлари ижро этилди.

– Бугунги кеча – хотира ва эҳтиромнинг юксак намунаси бўлди, – дейди фарзанди Дониёр Отарбоев. – Биз фарзандлари тадбирни ташкил этган инсонларга алоҳида миннатдорчилигимизни билдирамиз. Унинг меҳнат йўлини ёш авлодга тарғиб қилиш, фаолиятини давом эттириш чоралари ҳукуматимиз томонидан қўлга олиниб, халқимизнинг бой меросини янада асраб-авайлаш, ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида А.Отарбоевнинг издошларини тарбиялаш, устоз мактабини яратиш ва кенг кўламли тарғиб қилишга қаратилган амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Асосий мақсад – машҳур санъаткорга муносиб ворисларни тарбиялашдан иборат. А.Отарбоевнинг ибратли ҳаёти ва меҳнат фаолиятига бағишланган ҳужжатли фильм иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги