Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти намойиш этилди
Ўмон султонлиги “Al-Saqafiya” («Маданият») телеканалида юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган кўрсатув эфирга узатилди. Дастур аввалида томошабинларга ватанимизнинг географик жойлашуви, ўтмиши, табиати, қадриятлари, аҳолиси ҳақида тақдимот намойиш этилди. Асосий урғу қадимий шаҳарлар, халқимизнинг кўп асрлик тарихи, урф-одатлари, меъморий ютуқлари ва ҳаёт тарзи ҳақида қимматли маълумотлар берувчи обидаларга қаратилди.
Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, инфратузилмани такомиллаштириш ва модернизация қилиш, меҳмонлар учун хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ва қулай шарт-шароит яратиш бўйича бажарилаётган ишлар хусусида батафсил маълумот берилди. Бошловчи узоқ тарихга эга, халқимизнинг кўп йиллик тажрибасига асосланган миллий таомларимиз тайёрланиши ва овқатланиш маданиятига тўхталаркан, урф-одат ва анъаналар ҳудуднинг иқлим шароити, маҳаллий аҳоли турмуш тарзидан келиб чиққан ҳолда шаклланганига урғу берди.

Моҳир тасвирчи томонидан шўрва, лағмон, манти, ўзбек кабоби, анъанавий таом – палов пишириш жараёни ҳақидаги лавҳа томошабинларга манзур бўлган. 2016 йил палов тайёрлаш маданияти ва анъаналари ЮНEСКОнинг Номоддий маданий мероси рўйхатига киритилгани таъкидланган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА