“Ўзбекистон – умумий уйимиз!” фестивали – миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик рамзи

62

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ёшлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий хилма-хилликни янада мустаҳкамлаш, талабалар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни тарғиб қилиш мақсадида, шунингдек, 16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида “Биз – бир оила фарзандларимиз” мавзусида миллатлараро тотувлик ва дўстлик фестивали ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бегдулла Султанов, республикамизда фаолият юритаётган миллий-маданий марказларнинг вакиллари, пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчилари ва тингловчилари, институт профессор-ўқитувчилари, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров, миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими кафедраси профессори Тажихал Қудайбергеновалар сўзга чиқиб, ҳозирги глобаллашув даврида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик муносабатлари жамиятимиз ва давлатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамиятга эга йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади.

Институтнинг Педагогика-психология ва ижодий таълим факультети томонидан ташкил этилган фестиваль моҳир чевар, ҳунарманд ҳамда спортчи ёшларнинг кўргазмаси билан бошланган бўлса, “Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талаба-ёшлар ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.

Байрам иштирокчилари ва ёшлар биргаликда турли миллат вакилларининг жўшқин қўшиқларига рақс-томошалар ижро этиб, фестивалнинг юқори савияда ўтишига ҳисса қўшди.

Институт матбуот хизматининг маълумоти бўйича бугунги кунда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 14 мингга яқин талаба-ёшлар таълим олаётган бўлиб, таълим даргоҳида қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман, рус, украин, корейс, қирғиз, тожик, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар каби умумий 11 миллатга мансуб талабалар бир оила фарзандларидек, ҳамжиҳатликда таълим олмоқда.

Институтда шу йўналишдаги тадбирлар мунтазам ўтказилиши белгиланган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги