“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига старт берилди

76

Республикамиз пойтахти Нукус шаҳрида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги дарахт кўчатларини экиш ишларига старт берилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, юртимиз фаровонлигини, атроф-муҳит тозалигини таъминлашимиз ва яшил ҳудудларнинг барпо этилишида бутун халқимиз билан бирга ҳисса қўшишимиз кераклигини таъкидлади.

Тадбирда Вазирлар Кенгаши Раиси Ф.Эрманов, идора-ташкилот раҳбарлари, фаол ёшлар, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда ҳурматли Президентимиз томонидан мамлакатимизда яшил ҳудудларни кенгайтириш ва шу орқали экологик вазиятни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва туманларда турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилиши давом эттирилмоқда.

Жумладан, бу йилги кузги кўчат экиш мавсумида 8 млн. 781 минг туп манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш, Нукус шаҳри ва туман марказларидаги 19 гектар майдонда «Яшил жамоат парклари» яратиш режалаштирилган. Ушбу тадбирларни юқори савияда ташкил этиш мақсадида кўчатхоналарда 10 млн. тупдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари етиштирилмоқда.

Ўтказилган ушбу муҳим тадбирда экишга тайёрланган ер майдонларига эзгу ниятлар билан дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги