Шифокорлар меҳнатининг қадрланиши соғлом жамиятнинг муҳим гаровидир

58

Муносабат

Саломатлик инсон ҳаётидаги энг муҳим ва қадр-қимматли бойликдир. Саломатлигимизни асраб-авайлаш, аввало, ўзимизга боғлиқ. Шу билан бирга, соғлигимизда юзага келадиган нуқсонларни бартараф этишда саломатлик посбонлари бўлган тиббиёт ходимларининг ўрни ва хизмати беқиёс. Шу боис ҳам юртимизда ушбу соҳа вакилларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор билан ёндашилади.

Давлатимиз раҳбари 10 ноябрь куни Тошкент давлат тиббиёт университетига ташриф буюриб, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди. Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан учрашув ўтказиб, йиғилганларни Тиббиёт ходимлари куни билан самимий табриклади.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Азамат Пардаев ўз муносабатини билдирди:

— Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, тиббиёт муассасаларида хизматлар сифатини ошириш ҳамда тиббий таълимни янги босқичга кўтариш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Қайд этиш лозим, сўнгги йилларда тиббиёт соҳасига 230 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиб, 187 та янги шифохона ва поликлиника қурилди, мингдан зиёд муассасалар реконструкция қилинди. Натижада бирламчи тиббий хизмат аҳолига янада яқинлашди, илгари фақат пойтахтда бажарилган 400 дан ортиқ юқори технологик амалиётлар энди ҳудудларда ҳам амалга оширилмоқда.

Президентимиз ташриф давомида таъкидлаганидек, тиббиётдаги рақамли ўзгаришлар беморлар учун қулайлик, шифокорлар учун самарадорлик, давлат учун эса шаффофлик ва тежамкорликни таъминлайди. Хусусан, ДМEД ягона электрон тизими, “Электрон рецепт”, “Онлайн-шифокор” каби рақамли ечимлар тиббиёт тизимига туб янгиликлар олиб кирмоқда.

Шу билан бир қаторда, Президентимиз томонидан қабул қилинган тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарор соҳа ходимлари учун катта ижтимоий ва маънавий рағбат бўлди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб ҳар бир тиббиёт ходими Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан йиллик рағбат пули олади. “Энг яхши тиббиёт муассасаси” ва “Энг яхши шифокор” танловлари жорий этилиб, ғолибларга 30 миллион сўмдан 500 миллион сўмгача мукофотлар берилади. 15 йилдан ортиқ стажга эга ходимлар фарзандларининг контракт тўловлари қисман қоплаб берилади. Уй-жой сотиб олишда дастлабки бадалнинг 25 фоизи давлат томонидан молиялаштирилади. Шунингдек, миллий аккредитациядан ўтган муассаса ходимларига 10 фоизлик ойлик устама тўланади. Барча тиббиёт ходимларига давлат хизматлари учун тўловлар икки баравар камайтирилади.

Таъкидлаш керакки, тиббиёт тизимининг рақамлаштирилиши ва шифокорлар меҳнатининг қадрланиши соғлом жамият барпо этишнинг энг муҳим гаровидир. Шундай экан, депутат сифатида ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида фаол иштирок этиш бизнинг ҳам устувор вазифамиздир.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА